ФИФА президенти матбуот анжуманида қатнашди
Халқаро футбол федерациясининг глобал саммит йиғилиши жорий йилнинг 20 декабрида онлайн тарзда ўтказилади.
Кеча бу ҳақда ФИФА президенти Жанни Инфантино журналистлар иштирокида ўтган матбуот анжуманида эълон қилди.
Анжуманда айтилганидек, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2022 йилнинг илк ойида Бирлашган Араб Амирлигида ташкил этилади. Унинг аниқ санаси бўйича кейинроқ маълумот тарқатилади.
“Биз футболни қандай ривожлантирмоқдамиз ва унинг келажаги қандай бўлиши ҳақида ўйлашимиз керак. Футбол ўйинларининг келгусидаги тақвими, ўйинлар жадвали 2023 йилдан кейин қай кўриншда бўлиши бўйича ҳар бир мамлакатнинг миллий федерацияси ўз таклифини билдириши лозим. Барча фикрлар инобатга олинади. Саммитда мазкур масалалар муҳокама қилинади”, дея интервью берган ФИФА президенти.
Эслатиб ўтамиз, Инфантино футбол бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати мусобақаларини ҳар тўрт йилда эмас, икки йил оралиғида ўтказиш таклифини илгари сурганди. Мутахассисларнинг фикрича, айни жараён саммитнинг глобал масаласи бўлади.
Т. Рўзиев,
ЎзА