Фидойи меҳнат эътирофи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳамиша ҳалол ва самарали меҳнат ўзининг ижобий натижаларини кўрсатиб келган. Зеро, ўз касбига бўлган муҳаббат, ишонч ва садоқат инсонни улуғлайди.
Эгамберди Оқбутаев ҳам асосий фаолиятини ирригация соҳаси билан боғлаганидан ҳамиша мамнун. Касби уни эл олдида эъзозлади, ҳурмат-эътиборга сазовор қилди.
Қарийб 30 йилдан зиёд вақт давомида Э.Оқбутаев “Қуйи Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси Tранспорт хизмати, автогараж ва автотранспортларни таъмирлаш хизмати бўлими автокран ҳайдовчиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
–Асосий фаолиятимиз суғориш насос станциялари ва тик суғориш қудуқларига боғланган экин ер майдонларига сув етказиб бериш ҳамда мелиоратив насос станциялар ва тик зах қочириш қудуқлари ёрдамида ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган, - дейди Эгамберди ака. – Менинг фаолиятим Қизилтепа тумани билан боғлиқ.
[gallery-8765]
Э.Оқбўтаевнинг амалий таклифлари асосида 2020-2021 йилларда насос станция ва тик қудуқларидаги гидротехник ускуналарни таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, натижада насос станция ва тик қудуқларнинг сув етказиб бериш ҳажми 13-15 фоизга ва иш унумдорлиги 20-25 фоизга ўсишига эришилди.
Қаҳрамонимиз меҳнат фаолияти давомида 10 дан зиёд малакали шогирд тайёрлаб, уларга бошқармага қарашли тик қудуқлар ва насос агрегатларини ишлатиш ва бириктирилган техника воситаларидан самарали фойдаланиш йўлларини ўргатиб келмоқда. Бугун шогирдлар ҳам устоз сафида туриб, соҳа ривожига улуш қўшаётганидан бахтиёр.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан тақдирланган юртдошларимиз қаторида “Қуйи Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг Насос станциялари ва энергетика бошқармаси автокран ҳайдовчиси Эгамберди Оқбўтаев ҳам “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Бу мукофот қаҳрамонимизга янада катта куч, ғайрат берди, уни янги-янги ғоялар сари руҳлантирди. Зеро, ҳар қандай рағбат инсонни янги манзиллар, юксак пиллапоялар сари ундайди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат),ЎзА