Фидойи касб эгалари тақдирланди
Мамлакатимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни” байрами сифатида нишонлаб келинади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари қатнашди.

— Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ХДП фракцияси раҳбари У.Иноятов. — Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш, бирламчи тиббиёт бўғинини ривожлантириш, тиббиёт ходимларининг шаънини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар янгича мазмун касб этяпти.

Айни пайтда тиббиёт ходимлари ҳимоясига қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, такомиллаштирилмоқда. Лойиҳада шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масалалари белгиланмоқда.
Байрам тадбирида бир гуруҳ фидойи ва фаол тиббиёт ходимлари эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шундан сўнг “Ақлдан озиш ҳеч гап эмас” спектакли намойиш этилди.
М.Комилова,
ЎзА