Фестивалда ўз иқтидорларини намойиш этишди
Гулистон туман ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Россия Федерациясининг «Келажак технологияларини ривожлантириш» маркази ҳамда Республика фан олимпиадалари маркази ҳамкорлигида «NAUKA 0+» халқаро илмий-маърифий фестивали ташкил этилди.
Ёшларнинг илм-фанга қизиқишини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, илмий изланишлари ҳамда инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган фестивалнинг Сирдарё вилояти учун асосий йўналиши «Космос ва агротехнологиялар» бўлди. Унда ўқувчи-ёшлар, педагоглар, олимлар ва илм-фанга қизиқувчи жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида космик тадқиқотлар, замонавий агротехнологиялар, робототехника, физика, кимё, биология ва бошқа табиий фанларга оид илмий лойиҳалар, амалий ишланмалар ҳамда инновацион ғоялар намойиш этилди. Айниқса, ўқувчиларнинг мустақил изланишлари натижасида яратилган техник қурилмалар ва амалий ишланмалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-32373]
Фестиваль доирасида физика қонуниятларига асосланган тажрибалар, кимёвий реакциялар, биологик жараёнларнинг кўргазмали намойишлари, коинот сирлари ва космик тадқиқотларга бағишланган лойиҳалар тақдим этилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялардан фойдаланиш, экологик муаммоларга илмий ечим топиш, робототехника ва муҳандислик соҳаларидаги ишланмалар ҳам намойишдан ўрин олди.
Мутахассислар иштирокида ташкил этилган маҳорат дарслари, интерактив машғулотлар ва илмий мулоқотлар ёшларга назарий билимларини амалиётда синаб кўриш, янги тажриба ва кўникмаларни эгаллаш имконини берди.
Фестивалда Гулистон туман ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари ва устозлари томонидан тайёрланган илмий лойиҳалар ҳам кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Ёш тадқиқотчилар ўз ишланмаларининг мазмуни, ишлаш тамойили ва амалий аҳамияти ҳақида маълумот беришиб, билим ва салоҳиятларини намоён қилишди.
— Бугунги фестивалда ўқувчиларимиз реактив дронлар, фавқулодда вазиятларда ходимларга ёрдам беришга мўлжалланган робототехника маҳсулотлари, жумладан, кичик мини-роботларни намойиш этишмоқда. Бундан ташқари, физика ва кимё фанлари бўйича амалга оширилган мини-лойиҳалар ҳам тақдим этилмоқда, — дейди Гулистон туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Раҳматулла Ортиқбоев.
Намойиш этилган ишланмалар орасида қишлоқ хўжалиги соҳаси учун мўлжалланган инновацион лойиҳалар ҳам алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Жумладан, ўқувчилар томонидан қуёш энергияси асосида ишлайдиган ақлли суғориш тизими ишлаб чиқилган. Ушбу технология иссиқхоналарда қуёш батареяларидан фойдаланган ҳолда суғориш жараёнини автоматлаштириш, экинларни ўз вақтида зарур намлик ва сув билан таъминлашга қаратилган.
— Ишланмалар билан танишиш жараёнида иссиқхоналарда қўллашга мўлжалланган ақлли суғориш тизими эътиборимизни тортди. Ушбу технология мактабнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда қуёш энергиясидан фойдаланиш орқали суғориш жараёнини йўлга қўйиш, экинларни ўз вақтида зарур намлик ва сув билан таъминлаш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа билан танишиб, жуда хурсанд бўлдим. Ёшларнинг бундай ташаббус ва ишланмаларини юқори баҳолайман. Зеро, сув тежамкорлиги ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга қаратилган бу каби технологиялар бугунги кунда юртимиз учун долзарб аҳамиятга эга, — дейди Гулистон давлат университети Агротупроқшунослик ва мелиорация кафедраси катта ўқитувчиси Дилшод Мамарайимов.
Якунда бир қатор ўқувчиларнинг лойиҳалари алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Мирзаобод муҳандислик мактаби ўқувчилари Диёрбек Акбаралиев ва Учқун Замиржоновнинг мини-дрон яратишга қаратилган лойиҳаси муносиб деб топилди.
Гулистон туман ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари Хайруллаева Динара ва Раҳматова Асалойнинг чиқиндиларни саралаш ва тозалашга мўлжалланган қурилма ҳақидаги лойиҳаси ҳам иштирокчилар эътиборини тортди. Темурбек Отабеков ва Иҳлосбек Ортиқбоевлар ҳам фестивалда фаол иштирок этишиб, ўз иқтидорларини намоён қилишди.
Фестиваль сўнгида фаол қатнашган ўқувчилар диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари