Фермерларнинг пойтахтликларга туҳфаси
Деҳқонларга пойтахт бозорларида тўрт минг тўрт юз қирқдан зиёд раста ажратилган. Мисол учун, Самарқанд вилоятидан келган ўттизга яқин фермер Юнусобод ва Олой деҳқон бозорларида, андижонлик ўттиз бешта фермер Аския ва Эски жўва деҳқон бозорларида ўз маҳсулотини харидорларга тақдим этмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Юртнинг ободлигини билмоқчи бўлсанг, бозорларини бориб кўр, деган нақл бежиз айтилмаган. Бугун шаҳару қишлоқларимиздаги бозорларда харидор ва сотувчи учун зарур қулайликлар яратилган. Айниқса, нарх-наво харидор талабидан келиб чиқиб шакллантирилаётгани, сифатсиз ва қалбаки маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилаётгани натижасида бозорларимизда тўкинлик ва файзу барака таъминланмоқда.Деҳқону фермерлар, тадбиркорларнинг омилкорлиги туфайли халқ истеъмоли ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми тобора кенгайиб бораётир. Бозорларда соҳибкорларимиз етиштирган маҳсулотларини ўзлари сотиши учун барча шароит яратилмоқда. 2010 йилдан кучга кирган тартибга кўра, ўз томорқасида етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотаётганлар солиқлардан озод қилинган. Бозорларда сотувчилар тош-тарози билан таъминланган. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган омборхоналар ишлаб турибди.
Маҳсулотнинг кўплиги бозор иқтисодиётининг муҳим шарти – рақобатни ривожлантиради. Рақобат бор жойда нарх-наво пасайиб, маҳсулот ва хизматлар сифати янада ошади. Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб деҳқон бозорларини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш, харидорларга қулайлик яратиш, фермерлар манфаатдорлигини ошириш мақсадида пойтахтимиз бозорларида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги фермер хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг доимий ярмаркаси йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Републикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, фермерларимиз етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини даладан тўғридан-тўғри бозорларга узлуксиз етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Бу борада ички ишлар, божхона, давлат солиқ хизмати ва бошқа идоралар ҳамкорлик қилаётир. Тегишли рухсатномалар билан таъминланган мулкдорлар ҳеч бир тўсиқ ёки муаммога учрамасдан маҳсулотларини пойтахт бозорларига етказиб келмоқда. Бунда вилоятлардан 159 фермер хўжалиги фаол иштирок этмоқда.
Деҳқонларга пойтахт бозорларида тўрт минг тўрт юз қирқдан зиёд раста ажратилган. Мисол учун, Самарқанд вилоятидан келган ўттизга яқин фермер Юнусобод ва Олой деҳқон бозорларида, андижонлик ўттиз бешта фермер Аския ва Эски жўва деҳқон бозорларида ўз маҳсулотини харидорларга тақдим этмоқда. Шу кунгача аҳолига 420 тоннадан ортиқ картошка, 250 тонна пиёз, 140 тоннага яқин сабзи, 610 минг дона тухум, мева, полиз ва гўшт маҳсулотлари етказиб берилди.
– Фермерларнинг тўғридан-тўғри бозорларга жалб этилиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини сунъий тарзда оширишнинг олдини олиш, бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудида сифатсиз товарлар сотилишига чек қўйишда яхши самара бермоқда, – дейди Юнусобод тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Элдор Турғунов. – Жумладан, Юнусобод деҳқон бозорига Самарқанд ва Тошкент вилоятлари деҳқон ва фермерлари йигирмадан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини пешма-пеш етказиб бермоқда. Савдога қўйилган, лаборатория текширувидан ўтган маҳсулотларнинг сифати баланд, нархи анча арзон.
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти бошқармаси мутахассиси Бекзод Пайшановнинг айтишича, ярмаркада Тойлоқ, Булунғур ва Ургут туманларидаги йигирмадан зиёд агрофирма ва фермер хўжаликларида етиштирилган мева-сабзавот, узум, картошка, пиёз сотилмоқда. Бозорда элликдан зиёд раста, омборхона, гўшт ва тухум маҳсулотлари учун совутгичлар ажратилгани фермерларга кўмак бўлмоқда.
– 26 гектар ерда боғ ва токзор ташкил этганмиз, – дейди Тойлоқ туманидаги “Султонов Маъди Шодиевич” фермер хўжалиги раҳбари Рустам Маъдиев. – Жорий мавсумда сабзавот экинларидан юқори ҳосил олдик. Картошканинг ҳар гектаридан 26 тонна атрофида ҳосил етиштиришга эришдик. Пиёз ва лавлаги ҳам мўл бўлди. Айни кунларда кечки картошка экишни бошладик. Уларнинг ҳам асосий қисмини пойтахтимиз аҳолисига етказиб беришни режалаштирганмиз.
– Хўжалигимиз мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган, – дейди Булунғур туманидаги “Умар Холжигитов дала-боғлари” фермер хўжалиги раҳбари Жамол Холжигитов. – Маҳсулотларимиз нархи арзонлиги харидорларга манзур бўлаётир. Бу ерда савдо қилишимиз учун барча қулайлик яратилган.
Паркент туманидаги “Қорақалпоқ Аббосхон” фермер хўжалиги вакили Гулнора Миржамолова ҳам фермер хўжалигида етиштирилган помидор, сабзи, лавлаги, пиёз ва бошқа маҳсулотлар савдоси билан банд.
– Мазкур ярмарка аҳолини сифатли маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлашда кенг имкониятлар яратмоқда, – дейди хўжалик раҳбари Элмурод Миржамолов. – Бозорларда фермерлар учун алоҳида жой ажратилгани, уларнинг тўловлардан озод қилингани нафақат фермерлар, балки харидорларнинг ҳам манфаатдорлигини оширмоқда. Жой харажати кам бўлса, йўлда ҳар хил тўсиқлар бўлмаса, маҳсулот нархи арзон, сифати юқори бўлиши тайин.
– Сотувга қўйилган сархил мевалар биз учун ажойиб туҳфа бўлди, – дейди харидор Роҳат Абдишукурова. – Шундай обод ва фаровон юртда яшаётганимиздан бахтиёрмиз. Айрим давлатлардаги нотинчликлар, турли офатлар, озиқ-овқат тақчиллиги ҳақида кўп эшитамиз. Шукрки, юртимиз тинч, осойишта. Турмушимиз фаровон, бозорларимиз тўкин-сочин. Бундай қулай имконият ва шароит учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.
Ҳа, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юрт ободлиги, халқ фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.