Фермерларга керакли тавсия ва кўрсатмалар берилди
Наманган вилояти бободеҳқонлари учун жорий йилдаги ғалла ҳосили ҳар қачонгидан баракали бўлиб, аксарият туманларда илғор фермер хўжаликлари томонидан юқори самарадорликка эришилди.
Чортоқ туманидаги "Ҳазрати Занг" фермер хўжалигида ўтказилган амалий семинар 2027 йил ҳосили учун ғалла экиш мавсумини белгиланган агротехник талаблар асосида, сифатли ва кўтаринки руҳда уюштиришга бағишланди.
Дала шийпонида кечган тадбирда туман ҳокимлиги, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Наманган вилояти бошқармаси, "Уруғчиликни ривожлантириш маркази" давлат муассасаси вилоят бошқармаси ҳамда соҳага дахлдор ташкилотлар масъуллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.

Семинарда янги мавсум ҳосили учун ғалла экиш мавсумини ҳар томонлама пухта ташкиллаш, ер майдонларини экишга сифатли тайёрлаш, уруғликларни саралаш ва дорилаш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий қилиш, экиш муддатлари ва меъёрларига қатъий амал қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Қолаверса, ғалла экишда замонавий ва юқори унумдор сеялкалардан самарали фойдаланиш, уруғни белгиланган чуқурлик ва меъёрда бир текис жойлаштириш, техника воситаларининг имкониятларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий кўргазмалар намойиш қилинди.

Мутахассислар томонидан ғалладан юқори ва сифатли ҳосил олиш, аввало, экиш ишларини ўз вақтида ва агротехник талабларга тўлиқ амал қилган ҳолда ташкил этишга боғлиқ экани таъкидланди.
Амалий семинар давомида фермер хўжаликлари раҳбарларига ерни тайёрлашдан тортиб, уруғ танлаш, экиш ва кейинги парвариш ишларигача бўлган муҳим жараёнлар юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.