Фермер ва кластерлар фаолиятида қандай муаммолар мавжуд?
Мамлакатимизда кластерлар фаолиятини ривожлантириш ва рағбатлантириш, айниқса, пахта-тўқимачилик, мева-сабзавотчилик йўналишларида кластерлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишдаги масъулиятини ошириш, маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчиларнинг манфаатдорлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада 2022 йилда 134 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият юритиб, 1 032 минг гектар ер майдонларида жами 3,5 миллион тонна пахта хомашёси етиштирилган. Ғаллачилик кластерлари сони 38 тага ошиб, 195 тага етган ва улар билан шартнома асосида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари томонидан 928 минг гектар ер майдонида ғалла парваришланиб, 6 миллион 496 минг тонна ғалла ўриб-йиғиб олинган.
Мева-сабзавотчилик кластерларига бириктирилган 181,2 минг гектар ер майдонларидан 1,4 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, шундан 454,4 минг тонна ички истеъмолга, 630 минг тонна қайта ишлашга ҳамда қиймати 265 миллион долларлик 315,6 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти эскпортга йўналтирилган.

Бу ҳақда парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида қайд этилди. Унда аграр соҳада тадбиркорликни ривожлантириш масалалари, фермер ҳўжаликлари ва кластерлар ўртасидаги мавжуд муаммолар таҳлили, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш борасидаги ишлар ҳолати юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг ахбороти эшитилди.
Йиғилишда депутатлар томонидан Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларида ўтказилган ўрганишларда айрим муаммоли вазиятлар аниқлангани қайд этилди. Хусусан, ҳар бир кластерда ўртача 10-15 фоиз пахта ва ғалла майдонларини қисқартиш ҳисобидан аҳолига деҳқон хўжаликлари учун ажратилаётган ер майдонлари бугунги кунгача кластерлар ҳисобида турганлиги, бундан ташқари, 2023 йил учун кластерлар ва фермер хўжаликлари ўртасида пахта хомашёси етиштириш ҳамда харид қилиш бўйича фючерс шартномаси бир томонлама кластер манфаатига мос равишда ишлаб чиқилиши ҳолати кузатилаётгани каби масалалар танқид қилинди.
Шунингдек, депутатлар маҳсулотларни етиштириш бўйича имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермер хўжаликларига ажратилиши, фермерлар ҳудуддаги исталган кластерлар билан шартнома тузишдаги тўсиқларни бартараф этиш зарурлигини таъкидладилар.
М.Комилова,
ЎзА