“Фазилат” кутубхонаси очилди
Тошкент вилояти Бўка туманидаги 27-мактаб ўқувчиси, ёш шоира Фазилат Ёқубованинг “Фазилат” кутубхонаси фойдаланишга топширилди.
Тошкент вилояти Бўка туманидаги 27-мактаб ўқувчиси, ёш шоира Фазилат Ёқубованинг “Фазилат” кутубхонаси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан “Хўжақўрғон” маҳалласида истиқомат қилувчи Ёқубовлар хонадонида ташкил этилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ёзувчилар уюшмаси масъул ходимлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизда ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш, уларнинг пухта билим олиши, дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу борада Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида Бўка туманида амалга оширилган ишлар мамлакатимиздаги барча ҳудудларга муҳим дастуриламал бўлаётгани алоҳида қайд этилди.
Ёш шоира Фазилатхон Ёқубованинг номи бугун мамлакатимиз аҳолисига яхши таниш. Унинг содда, самимий байтлари, бийрон овозда жўшиб шеър ўқиши барчага, айниқса ёшларга манзур бўлди.
Президентимиз жорий йил июн ойида Тошкент вилоятига ташрифи давомида Бўка туманида 5 та муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишган эди.
Ташриф доирасида “Бўстон” маҳалласида ўтказилган учрашувда Фазилат Президентимизга 5 та ташаббусга бағишлаб ўзи ёзган шеърини ўқиб берган эди. Ўшанда Давлатимиз раҳбари қизига яхши таълим-тарбия, ижодий муҳит ва шароит яратиб бергани учун Фазилатнинг отасига автомобиль, ўзига эса уйида “Фазилат” номли кутубхона очиб беришини айтган эди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириғи ижроси юзасидан жорий йилнинг 18 июн куни Фазилат Ёқубованинг отасига Президентимиз совғаси – “Кобальт” автомобили топширилган эди.
Энг улуғ, энг азиз айём – давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида эса “Фазилат” кутубхонаси фойдаланишга топширилди.
Кутубхонадан Ижод фонди томонидан тақдим этилган 300 турдаги 2000 дан зиёд китоблар жой олди.