Фахрийларнинг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда фахрийларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўлами ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, фахрийларнинг ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва бу борада давлат органларининг ваколатларини аниқ белгилаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришда жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролар иштирокини белгиловчи қонунчиликни тизимлаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳам фахрийларни давлат ва жамият ҳаётидаги муносиб ўрни ва обрў-эътиборини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини белгилашдан иборат.
Қонун лойиҳасида фахрийлар тоифалари ва уларни белгилаш тартиби, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари яъни, имтиёзлар ва кафолатлар назарда тутилмоқда. Мазкур мақомни олган фуқаролар ижтимоий жиҳатдан ҳимоя, солиқ ҳамда пенсия имтиёзларидан фойдаланиш каби бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади.
Йиғилишда таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан фахрийларга бериладиган барча имтиёз ва кафолатлар аниқ белгиланади ва уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш янада мустаҳкамланади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА