Фахрийларнинг ҳаёт йўли ёшларга ибратдир
Марҳамат туманида “Фахрийлар ҳаёт йўли – ёшларга ибрат” деб номланган уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.
ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Марҳамат туманидаги ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, чегара қўшинларининг шонли анъаналарини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни юртга, Ватан ҳимоясига фидойи инсонлар қилиб камолга етказиш мақсадида тумандаги 2-сон касб-ҳунар мактабида ташкил этилган тадбирда кекса авлод вакиллари – фахрий ҳарбийлар, ҳарбий қисмда хизмат вазифасини ўтаётган аскар ва зобитлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган чегара қўшинлари фахрийлари, истеъфодаги майор Исмоилжон Турдиқулов, капитан Илҳомжон Умиров ўз хотиралари билан ўртоқлашиб, Ватан ҳимояси, унинг тинчлиги ва сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш ҳар бир инсоннинг, айниқса, эр йигитнинг муқаддас бурчи эканлиги ҳақида гапирди.
Ҳозир чегара қўшинлари таркибида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар юртимиз Қуролли кучлари салоҳияти, ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлар, чегара қўшинларининг шонли анъаналарини давом эттириш ўзларининг шарафли бурчи эканлиги тўғрисида сўз юритди.
[gallery-14099]
Фахрийларнинг ибратли ҳаёт йўли, ҳарбий хизматчиларнинг мардлиги ва қатъиятига ҳавас қилган ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга улардан батафсил жавоб олди. Тадбирда қатнашган ёшларнинг кўпчилиги чегарачи бўлишни дилларига тугди.
– Катта бўлганимда эгнимга ҳарбий либос кийиб, Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қиламан, – дейди мактаб ўқувчиси Аббосбек Муслимов. – Бугунги тадбир қалбимдаги ана шу орзуни янада мустаҳкамлади. Ҳарбий хизматчиларнинг суҳбатлари, айниқса, фахрийларнинг хотираларини тинглаб, ҳарбий бўлишга қизиқишим юз чандон ортди. Фақат аъло баҳоларга ўқиб, келажакда Ватан ҳимоячиси бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан.
Уч авлод вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур тадбир ёшларда унутилмас таассурот қолдирди.
Фахрий чегарачиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари