Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни
Журналистика соҳасида узоқ йиллар фаолият олиб борган фахрий журналистлар, имконияти чекланган соҳа ходимлари ҳолидан хабар олиш, кўнглини кўтариш, моддий ва маънавий рағбатлантириш Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

3 декабрь – “Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг раиси в.б. Холмурод Салимов, уюшманинг Навоий вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов ва бошқалар Навоий шаҳридаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган фахрий журналист, l-гуруҳ ногирони Абдували Носиров хонадонида бўлди.
Қатор публицистик ва тарихий китоблар муаллифи А.Носиров билан мулоқот унинг саломатлиги, айни кундаги ижодий фаолияти хусусида бўлди.
Суҳбат давомида Президентимиз томонидан медиа соҳасига, оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ҳақида ҳам сўз юритилди.

– Одам одам билан-да. Келганларингиздан хурсанд бўлдим, – дейди фахрий журналист А.Носиров. – Мамлакатимизда мен ва мен каби фахрийларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдорман. Соғлиқ бўйича имкониятим бирмунча чекланган бўлса-да, айни йўқловлардан сўнг, ижодий фаоллигим янада ошиб, очиғи, кўнглим тоғдек кўтарилади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан “Фахрийлар эътибор ва эъзозда” шиори остида соҳадаги кўп йиллик фаолияти, ибратли ҳаёти билан намуна бўлаётган фахрийлар ҳолидан хабар олиш, эъзозлаш, эҳтиром кўрсатиш ишлари давом этмоқда.
Н.Усмонова ЎзА мухбири