Фахрий журналистдан хайрли ташаббус
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, фахрий журналист Воситхон Аҳмадхонов қарийб ўттиз беш йил матбуот соҳасида меҳнат қилиб нафақага чиққан.
Ҳозирда Андижон шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида ижодий маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида ишламоқда. У «Бошлиқнинг шолчаси», «Дум», «Қизиқчининг ўлими» сингари ўнга яқин китоблар муаллифи ҳамдир.

– Китоб ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар камолотида муҳим ўрин тутади, – дейди фахрий журналист В. Аҳмадхонов. – Шу боис ҳам мамлакатимизда китобхонликни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ўтказилаётган тадбир ва танловлар ўқувчи ёшларнинг нафақат билимини, балки китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳам оширади.

Фахрий журналист ўзи ишлаётган мактабнинг юқори синф ўқувчилари ўртасида «Ёш китобхон» танловини ўтказди. Шахсий жамғармаси ҳисобидан танлов ғолиб ва совриндорларига 1 миллион сўм мукофот берилди. Мазкур танловда мактабнинг 9-11-синф ўқувчилари иштирок этди. Қизғин савол-жавобларга бой ўтган танлов якунига кўра, 10-синф ўқувчиси Ёдгора Убайдуллаева ғолиб бўлди. У 500 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Танлов совриндорларига эса 500 минг сўм миқдоридаги маблағ тақсимлаб берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА