Фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракатланиш керак
Андижонда Фарғона, Наманган вилоятларининг фавқулодда вазиятлар давлат ташкилотлари тизимига кирувчи корхона, ташкилотлар, шунингдек, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, Миллий гвардия бошқармалари ва уларнинг қуйи тизимлари вакиллари иштирокида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари бўлиб ўтмоқда.
Андижон шаҳрининг Алишер Навоий номидаги Маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Абдулла Қўлдошев, Андижон вилояти фуқаро муҳофазаси бошлиғи, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда фуқаро муҳофазасини кучайтириш, фавқулодда вазиятлар давлат ташкилотлари тизимига кирувчи муассасаларнинг юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга шайлигини, бу борадаги билим, малака ва кўникмаларини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
[gallery-18313]
Тадбир доирасида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан оталиққа олинган ҳамда тизимда фаолият олиб бораётган ўттиз ёшдан ошмаган ёшлар, ҳарбий хизматчилар томонидан саф юришлари, кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда қандай тезкор ҳаракат қилиш, тизимга кирувчи барча соҳалар фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилаётган ҳудудларда ташкил этиладиган шартли ёнғин, авария ва эвакуация тадбирлари тўғрисида мутахассислар томонидан иштирокчилар, хусусан, ёшларга кенг тушунчалар берилди.
Фарғона водийси вилоятлари фавқулодда вазиятлар давлат ташкилотлари тизими вакилларининг билим, малака ва амалий кўникмаларини бойитишга хизмат қилаётган ўқув машғулотлари бир неча кун давом этади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА