Фавқулодда ҳолатни бартараф этиш шарт, унинг олдини олиш эса янада муҳимроқ
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида содир бўлган ёнғинда бир оиланинг 6 нафар аъзоси қурбон бўлди.
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида содир бўлган ёнғинда бир оиланинг 6 нафар аъзоси қурбон бўлди. Холасиникига меҳмонга кетгани сабаб бу оиладан фақат биргина қиз тирик қолди.
Халқимизда касални даволагандан уни олдини олган афзал, деган нақл бор. Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 28 нафар фавқулодда вазиятлар вилоят бошқармаси ва туман бўлими ходимлари билан биргаликда 4 нафар “ Сардобатумангаз” филиали, 6 нафар даволаш муассасалари ходимлари ҳамкорлигида тумандаги Пахтакор ва Бирлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида мавжуд бўлган 1 минг 905 хонадондаги вазият ўрганилди. 27 та кўп қаватли ва 1 минг 663 та бир қаватли аҳоли яшаш уйлари назоратдан ўтказилди.
Ушбу фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган профилактик тадбирга тизимда фаолият юритаётган 28 нафар вилоят бошқармаси ва туман бўлими ходимлари, 4 нафар “ Сардобатумангаз” филиали ҳамда 6 нафар даволаш муассасалари ходимлари жалб этилди.

Ўтказилган ўрганиш ва текширувлар давомида кўп қаватли уйларда аниқланган 28 та камчиликлардан 25 таси ёки 85 фоизи, аҳоли шахсий турар жойларда аниқланган 47 та камчиликлардан 25 таси ёки 51 фоизи жойида бартараф этилди.
Ушбу профилактика тадбирлари давомида қаровчиси йўқ, ёлғиз яшовчи қария, ногирон, руҳий касалликлар диспансерида рўйхатида турувчи ва спиртли ичимликларга ружу қўйган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилиб, 8 оила рўйхати шакллантирилиб, барчаси назоратдан ўтказилди ва улар билан суҳбат ўтказилиб, зарурат туғилган фуқаролар расмий огоҳлантирилди.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган 6 та электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш таъқиқланди.

– Ушбу профилактик тадбир давомида маҳалла фаоллари ва мутасадди идоралар вакиллари билан биргаликда уйма-уй юриб, содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар ва ис газидан заҳарланиш ҳамда бошқа фавқулодда вазиятларни олдини олиш борасида 1 минг 905 хонадонда истиқомат қилувчи 2 минг 314 нафар фуқаролар билан тушунтириш ишлари ўтказилди, – дейди фавқулодда вазиятлар туман бўлими бошлиғи майор Ғ.Бобоев. – Шунингдек, тарғибот-ташвиқот ишларини кенг олиб бориш мақсадида 68 нусхада 3 хилдаги эслатма, йўриқнома ва плакатлар ишлаб чиқилиб, фуқароларга тарқатилди. Асосий мақсадимиз фуқароларни фавқулодда ҳолат, ёнғинлар ва ис газидан заҳарланишини олдини олишга қаратилган. Оқолтин фожиаси такрорланмаслиги учун фавқулодда ҳолатни бартараф этиш шарт, аммо унинг олдини олиш унданда муҳимроқ, шиори остида иш олиб боряпмиз.