Фарзандларимиз интернетда нимани кўрмоқда?
Қонун ва амалиёт уйғунлиги
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.
Улуғ мутафаккирнинг пурмаъно бу сўзларининг қадр-қиммати ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган бизнинг давримизда янада долзарб масалага айланиб бормоқда. Зеро, бугун кўча-кўйда, оила даврасида ёки жамоат жойларида қўлида телефон тутган, кўзини экрандан узмай ўтирган болаларни тез-тез учратамиз. Ота-оналар учун фарзандини чалғитиш, овқатлантириш ёки тинчлантиришнинг осон воситасига айланган гаджетлар, аслида, боланинг ҳаёти, руҳияти ва келажагига қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида жиддий ўйлашни талаб этади.
Рақамли аср фарзандларимизга билим олиш, ахборот излаш, янги кўникмаларни эгаллаш ва дунё билан мулоқот қилиш учун кенг имконият бермоқда. Бироқ назоратсиз виртуал муҳит зарарли контент, кибербуллинг, шахсий маълумотларнинг ҳимоясиз қолиши ва бошқа хавфларни ҳам юзага чиқариши мумкин. Шу боис масала интернетнинг ўзида эмас, балки ундан қандай, қанча вақт ва нима мақсадда фойдаланилаётганида.
Мазкур муаммо нафақат алоҳида оилалар, балки бутун жаҳон ҳамжамияти эътиборидаги долзарб масалалардан бирига айланган. ЮНИСЕФ ҳам болаларнинг рақамли муҳитида имкониятлар билан бир қаторда турли хавфлар мавжудлигини қайд этиб, уларни ҳимоя қилишда давлат, технология компаниялари, таълим муассасалари ва оилаларнинг ҳамкорлиги муҳим эканини таъкидлайди.
Хорижий давлатларда бу борада турли ҳуқуқий ва амалий чоралар кўрилмоқда. Масалан, Австралияда 2025 йил 10 декабрдан бошлаб 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ёшга оид чеклов белгиланган айрим ижтимоий тармоқларда аккаунт очишига таъқиқ жорий этилди. Қонун платформалар зиммасига шу ёшдаги фойдаланувчиларнинг аккаунт очиши ёки мавжуд аккаунтларидан фойдаланишининг олдини олиш учун оқилона чоралар кўриш мажбуриятини юклади. Айрим хабар алмашиш, онлайн ўйинлар, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари ушбу чекловдан мустасно этилган.
Европа Иттифоқида вояга етмаганларни рақамли муҳитда ҳимоя қилиш механизмлари шаклланган. Хусусан, “Рақамли хизматлар тўғрисида”ги қонун онлайн платформалардан вояга етмаганларнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур ва мутаносиб чоралар кўришни талаб этади. Европа Комиссиясининг 2025 йил 14 июлда қабул қилинган йўриқномаларида эса болаларни зарарли контент, кибербуллинг, бегона шахсларнинг номақбул мулоқоти ва ўзига қарам қилувчи дизайн элементларидан ҳимоя қилишга қаратилган ёндашувлар белгиланган.
Мамлакатимизда ҳам вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотлардан асраш бўйича ҳуқуқий механизмлар шаклланган. Бу борада “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун муҳим ҳуқуқий асослардан бири ҳисобланади. Унда болаларга зарар етказиши мумкин бўлган ахборотни аниқлаш, ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш ва маркировкалаш каби механизмлар белгиланган.
“Ўзкомназорат” инспекцияси ҳам ўз ваколатлари доирасида ахборот соҳасида мониторинг ва назорат тадбирларини амалга ошириб келмоқда. Интернет тармоқларида қонунга, миллий ва ахлоқ-одоб нормаларига зид ёки вояга етмаганларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ахборотлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилмоқда. Жумладан, инспекциянинг 2026 йил I ярим йиллик фаолияти якунларига кўра, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш йўналишида ёшга оид тасниф белгиси мавжуд бўлмаган 636 та ахборот материали аниқланиб, улар юзасидан тегишли чора кўрилди.
Бироқ, фақат давлат органларининг назорати ёки чекловлари билангина кутилган натижага эришиб бўлмайди. Чунки, боланинг интернетда нимани кўраётгани, кимлар билан мулоқот қилаётгани ва қандай ахборотларни қабул қилаётгани ҳақида биринчи навбатда ота-она хабардор бўлиши керак.
Айрим ҳолларда оддий ўйинлар, зарарли челленжлар ёки “трендлар” ниқоби остида тарқалаётган хавфли чақириқлар болаларнинг руҳий ҳолати ва хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу ўринда муҳим савол туғилади: фарзандимиз технологиядан фойдаланяптими ёки технология фарзандимиздан фойдаланяптими?
Бу саволга жавоб топишда фақат тақиқ ва чекловларга суяниш етарли эмас. Болада рақамли маданият, ахборотни саралаш ва танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш ҳам муҳим. У интернетда учраган ҳар қандай маълумотни ҳақиқат сифатида қабул қилмаслиги, шубҳали ҳаволаларни очмаслиги, шахсий маълумотларини бегона шахсларга бермаслиги ва номаълум инсонлар билан мулоқотда эҳтиёткор бўлиши керак.
Ҳар бир ота-она фарзанди фойдаланадиган смартфон ёки компьютерда ота-она назорати функциялари ва хавфсиз қидирув фильтрларини фаоллаштириши мумкин. Аммо назоратнинг ўзи етарли эмас. Бола шубҳали ёки хавфли ҳолатга дуч келганда бемалол ота-онасига мурожаат қила оладиган муҳит яратиш зарур.
Таълим муассасаларида болаларга рақамли хавфсизлик, медиасаводхонлик ва танқидий фикрлаш асосларини ўргатиш, давлат органлари томонидан эса қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш ва рақамли муҳитда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Интернетни боладан бутунлай узиб қўйиш бугунги рақамли даврда реал ечим эмас. Зеро, интернет – билим, таълим, ижод ва мулоқот учун ҳам катта имконият. Асосий вазифа – болани интернетдан ажратиш эмас, балки уни интернетдан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишга ўргатиш.
Шу маънода, “Фарзандимиз интернетда нимани кўрмоқда?” деган савол фақат гаджет ёки технология масаласи эмас. Бу фарзанд тарбияси, оила масъулияти, жамият хавфсизлиги ва келажак авлоднинг рақамли маданияти билан боғлиқ масала.
Заҳириддин Тўраев,
“Ўзкомназорат” инспекцияси Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлимининг
Ахборот соҳасида мониторинг ва назорат бўйича бош мутахассиси.
ЎзА