Фарзандингизга китоб совға қилганмисиз?
Республика миқёсида ўтказиб келинаётган “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманига ҳам етиб келди.
Республика миқёсида ўтказиб келинаётган “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманига ҳам етиб келди. Тумандаги 131-мактабда лойиҳа доирасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Айритом қишлоғидаги ушбу умумтаълим мактаби туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган таълим муассасаларидан ҳисобланади. Ташкил этилган китобхонлик кечаси мактабнинг илмга чанқоқ ўқувчилари учун айни муддао бўлди.
– Адабиётга, санъатга қизиқаман, – дейди мактабнинг 6-синф ўқувчиси Муслима Мойлиева. – Шеърлар ёзиб тураман. Шу боис китоб ўқиш энг севимли машғулотим. Мактабимиз кутубхонасида кўплаб бадиий китоблар жамланган. Дарсдан бўш вақтимизда доим улардан фойдаланамиз. Бугун мактабимизда ўтказилган китоб ярмаркасидан хурсанд бўлдим. Масалан, мен Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини харид қилдим. Бу асарни бир неча бор ўқиганман, аммо қайта-қайта ўқигим келаверади.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан аҳолини, айниқса, ёш авлодни китобхонликка жалб этиш борасидаги ишлар республикамиз бўйлаб, кенг миқёсда олиб борилмоқда. “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси ташаббускорлари “Китоб дунёси тармоқ савдо маркази” масъулияти чекланган жамияти масъуллари ҳам мана шундай эзгу мақсадни кўзлаб олис қишлоқ мактабларида китобхонлик кечалари, китоб ярмаркалари ташкил этмоқда. Ўқувчи-ёшлар буни юқори мамнуният билан қарши олмоқда.
– Ушбу китоб ярмаркасининг ташкил этилгани бир ота сифатида менда катта таассурот қолдирди, – дейди Мухтор Ҳайитов. – Сабаби қишлоғимизда катта-катта бозорлар, маҳсулотлар ярмаркалари бўлиб ўтади, аммо китоб ярмаркаси сира ташкил этилмаган. Китоб дўконлари туман марказида саноқли. Шу боис фарзандларимга ҳеч китоб совға қилмаган эканман. Бугун 30 дона бадиий китоб сотиб олдим. Ахир уларнинг билимли, салоҳиятли бўлиши биз ота-оналарнинг фахримиз эмасми? Бу каби ярмаркалар кўпайиши тарафдориман.

Таъкидлаш лозимки, айни пайтда 931 нафар ўқувчи таҳсил олаётган таълим даргоҳида ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча шароит яратилган. Хусусан, замонавий ахборот технологиялари билан таъминланган компьютер, чет тили хоналари, барча спорт инвентарига эга спорт заллари ўқувчилар ихтиёрида.