Фарзанд тарбиясига ким масъул?
Мулоҳаза
Фарзандларимизнинг тарбиясидаги камчиликлар юзасидан асосан оналарни айбдор санаймиз. Айримлар гап фақат оналарда эмас, оталар ҳам фарзанд тарбиясида баб-баробар шерик бўлиши зарур, дейишади. Аслида кундалик ҳаётимизда қандай? Кузатувларимизни сизлар билан баҳам кўришни жоиз деб топдик.

Биринчи ҳолат. Автобусда ёнимдаги ўриндиғда ўтириб кетаётган аёлнинг уч ёшлар атрофидаги ўғилчаси жажжигина бармоқчаларини ойнага чўзиб, деразадан оқаётган сув томчиларини ушламоқчи бўлди. Аёл: “Мумкин эмас, болам, қўлларинг кир бўлади” – деди мулойимлик билан. Болакай онасига тушундим, деган ишора қилди.

Аёлни суҳбатга тортдим. Мулоқот жараёнида ёш она фарзандларини тарбиялашда ҳамиша эр-хотин фикри бир жойдан чиқишини айтиб ўтди.
– Хўжайиним ишдан қайтгач, болалар билан суҳбатлашади, дарсларига ёрдамлашади, – деди суҳбатдошим. – Мени эса вақтим кўпроқ ошхонада ўтгани боис уларнинг тарбиясига вақт ажратолмай қоламан.

Иккинчи ҳолат. Бозорда онасининг ёнида банан еб кетаётган 5 ёшлардаги қизалоқнинг қўлидаги банан ерга тушиб кетди. Қизча шошилганича бананни ердан олмоқчи бўлди. Аёл қизининг қўлига бир шапатилаб: “Қўлинг ифлос бўлди, мараз, тезроқ юр, ҳали уйга бориб овқат қилишим керак” – деди. Қизча овозининг борича йиғлаб юборди. Аёл бақиргани сайин қизча ҳам хаддидан ошар, она-бола бир-бири билан келишишни истамасди. Аёлнинг ташқи қиёфасига разм солдим. Қорнида олти-етти ойлик ҳомиласи бўлса-да зил-замбилдай сумкани аранг кўтариб уйига ошиқар, айб иш қилган қизчасини тинмай қарғаб борарди.
Ҳар икки воқеадаги аёлларнинг холатидан ҳам онанинг ўрни бола ёнида эмас, кўпроқ уй-юмушларида экани сезилиб турибди. Яширишни ҳожати йўқ, бу холат бизни менталитетимиз, яшаш тарзимиз, тарбияга бўлган паст муносабатимиз билан боғлиқ. Янги тушган келиндан, энг аввало қайнона-қайнотаси, қайнсингилу қайнукаларга вақтида овқатини тайёрлаб бериш, пазандалик, чеварлик каби юмушларни қойиллатиш талаб қилинади.
Балки орамизда келинию қизларидан илм-фанга ҳисса қўшишни талаб қиладиган қайноналар, оналар бордир, аммо улар жуда-жуда кам.
Биз оналардан ҳам давлат ташкилотида ишлаб, уч-тўрт сўм маблағ топишни, ҳам фарзанд тарбиясига вақт ажратишни, ҳам уй-рўзғор ишларини қойиллатиб бажариш вазифасини талаб қиламиз. Шунча вазифаларни уддалайдиган онанинг фарзанди билан суҳбатлашишга, унга таълим-тарбия беришга вақти қолармикан?

– Йўқ, асло вақти қолмайди, – дейди Учкўприк туманида яшовчи Нилуфар Болтабоева. – Мени 3 нафар фарзандим бор. Ўзим болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлайман. Уй-рўзғор юмушларидан ортиб, болаларимга вақт ажратолмайман. Аслида болага она эмас, асосан оталар тарбия бериши зарур. Чунки оналар кўпроқ ошхона дарди билан яшайди. Боласини иссиқ кийинтириш, мазали таом тайёрлаш ҳаракатида юради. Фарзандларим билан дарс тайёрлайдиган бўлсам ҳам ҳар доим хаёлим уй юмушларини бажаришда бўлади. Яъни вақтим кетиб қолаётгани учун асабийлашаман. Шунда кўпинча болаларимга бақириб юбораман. Тўғри, вақтимни ўғлим ёки қизларимга сарфлагим келади, аммо улар билан дарс тайёрласам, бирга китоб ўқисам, уй юмушлари қолиб кетса хўжайинимдан дашном эшитаман. Шу сабаб болаларни кўпроқ оталар тарбиялаши зарур, деган фикрдаман. Чунки улар эртадан кечгача жамият орасида бўлишади. Ҳаётнинг пасту баландини кўпроқ билади.
Эрталаб ишга келаётиб автобусда бир холат гувоҳи бўлдим. Бир эркак саккиз ёшлар атрофидаги қизалоқ билан автобусга чиқди. Тирбандлик орасида қизалоқнинг сочидаги бантиклари ечилиб, ўрилган сочлари ёйилиб кетди. Ота ерда ётган бантикларни олиб, чангини қоқиб, бўшаган ўриндиққа қизчасини ўтирғизиб қўйди. Кўпчиликнинг нигоҳи уларда. Ота хотиржамлик билан қизчанинг сочларини ўриб, бантикларни тақди. Қизча отасига раҳмат айтди.
Бу ерда гап отанинг қизчасига бантик тақиб қўйишида эмас, гап унинг фарзанди олдидаги масъулиятида. Демак, бағримизда ўсаётган ўғил-қизларимизнинг камолотида нафақат оналар, балки оталарнинг ҳам масъулияти катта.
Нигора Раҳмонова, ЎзА