Фарход Каримов: Марказий Осиё халқаро ҳамкорликнинг муҳим иштирокчисига айланмоқда
АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг юртимизга ташрифи ва Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – АҚШ” (C5+1) форматида ташқи ишлар вазирлари учрашувининг ўтказилиши минтақавий дипломатиядаги муҳим воқеалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Мазкур ташриф Вашингтоннинг Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда минтақавий хавфсизлик масалаларида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга бўлган қизиқишини намоён этмоқда.
Эътиборлиси, 2015 йилда айнан Самарқанд шаҳрида асос солинган “C5+1” мулоқот механизми ўтган давр мобайнида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг муҳим платформасига айланди.
ЎзА мухбири “C5+1” формати доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, минтақавий хавфсизлик масалалари ҳамда Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг истиқболлари хусусида сиёсий фанлар доктори, профессор Фарҳод Каримов фикрларини ёзиб олди.

– Бугунги кунда Марказий Осиё жаҳон сиёсати ва иқтисодиётининг чекка бир ҳудуди сифатида эмас, балки глобал жараёнларнинг фаол ва мустақил марказларидан бирига айланиб бормоқда. Минтақа муҳим транспорт йўналишлари кесишган геостратегик чорраҳа бўлиши билан бирга, улкан иқтисодий, хомашё ва демографик салоҳиятга эга. Энг муҳими, минтақа давлатлари глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган яхлит тузилма сифатида намоён бўлмоқда.
Сўнгги йилларда йўлга қўйилган “C5+1” форматидаги олий даражадаги учрашувлар Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги субъектлик мақоми ортиб бораётганини яққол кўрсатмоқда. Ушбу мулоқот майдонларида минтақавий хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, трансчегаравий таҳдидларни бартараф этиш каби анъанавий масалалар билан бир қаторда, иқтисодий ва технологик ҳамкорликнинг янги уфқлари белгиланмоқда.
Айниқса, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш ва бу ўлкада тинч ҳаётни тиклаш Марказий Осиё давлатлари учун стратегик устувор йўналиш ҳисобланади. Бугун минтақанинг Афғонистонга нисбатан ёндашуви фақатгина хавфсизлик таҳдидларини жиловлаш билан чекланиб қолмаяпти. Асосий мақсад – Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграция қилишдир.
Бу борада транспорт-логистика ва энергетика лойиҳалари, масалан, “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли ёки CASA-1000 лойиҳаси муҳим аҳамият касб этади. Бу каби ташаббуслар Афғонистонни барқарор ривожланиш йўлига ўтказишга хизмат қилиш билан бирга, Марказий Осиё давлатлари учун Жанубий Осиёнинг истиқболли ва йирик бозорларига чиқиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, АҚШ ва бошқа глобал кучлар билан мулоқотда хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт масалаларини ўзаро узвий боғлиқликда кўриб чиқиш энг тўғри ва амалий натижа берадиган ёндашувдир.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсатда прагматик, кўп векторли ва мувозанатли стратегияни муваффақиятли амалга оширмоқда. Минтақанинг АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ давлатлари билан муносабатларни параллел равишда ривожлантириши унинг мустақил ташқи сиёсий имкониятларини кенгайтиради.
Бу жараёндаги энг муҳим ва қатъий принцип – ҳар қандай ташқи ҳамкорликнинг минтақа давлатлари миллий манфаатларига, суверен тенглик, ўзаро ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига асосланишидир. Марказий Осиё энди йирик давлатлар рақобатлашадиган “геосиёсий ўйин майдони” эмас, балки тенг ҳуқуқли шериклик маконидир.
Дипломатик мулоқотлар, хусусан, Самарқанд учрашувлари Марказий Осиё мамлакатларининг умумий минтақавий кун тартиби ва ягона позициясини шакллантириш учун қулай ва самарали платформа вазифасини ўтамоқда. Бугунги кунда минтақа ичидаги ҳамкорлик қуйидаги устувор йўналишларни қамраб олмоқда.
Биринчидан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (Ўрта коридор) каби муқобил йўлакларни ривожлантириш орқали жаҳон бозорларига чиқиш.
Иккинчидан, Орол денгизи фожиаси оқибатларини юмшатиш, “яшил” энергетикага ўтиш ва экологик инқирозларга қарши биргаликда курашиш.
Учинчидан, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли асосда фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқиш.
Тўртинчилан, ёшлар сиёсати, таълим ва маданият соҳасидаги алмашинувларни кучайтириш орқали минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш.
Умуман олганда, халқаро учрашувлар ва мулоқотлардан кутилаётган асосий натижа фақатгина йирик давлатлар, хусусан АҚШ билан икки томонлама муносабатларнинг янги йўналишларини белгилаш билан чекланмайди. Энг муҳим ютуқ – Марказий Осиёнинг жаҳон ҳамжамиятида жипслашган, ўз истиқболини ўзи белгилашга қодир, мустақил ва конструктив халқаро иштирокчи сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА