Фаровонликнинг муҳим омили
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улушини янада ошириш, соҳа тараққиётига йўналтирилган турли имтиёз ва преференциялар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улушини янада ошириш, соҳа тараққиётига йўналтирилган турли имтиёз ва преференциялар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва унга мувофиқ бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани бунда муҳим аҳамият касб этаётир.
Навоий вилоятида бундай имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда янги корхона ва тармоқлар ташкил этилмоқда. Айни пайтда вилоятда 7 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда.
– Учқудуқ туманида тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш тармоқлари фаолиятини такомиллаштириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир, – дейди Учқудуқ тумани ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими бошлиғи Фаррух Бафоев. – Бу мақсадлар учун тижорат банклари томонидан 2 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Тадбиркорларнинг мурожаатлари тегишли мутахассислар иштирокида кўриб чиқилиб, “бир дарча” тамойили асосида ижобий ҳал этилаётир. Туман ҳокими раислигида ҳар жума куни ташкил этилаётган “Тадбиркорлар куни” тадбирида соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинмоқда. Хусусий сектор вакилларига қулайлик яратиш мақсадида туман ҳокимлиги, солиқ, банк, статистика, архитектура, ер ресурслари, электр тармоқлари, газ идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа тегишли ташкилотларнинг “Ишонч” телефонлари рўйхати аҳоли гавжум ҳудудларга жойлаштирилгани яхши самара бермоқда.
Саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис, қишлоқ хўжалиги соҳаларини изчил ривожлантириш ҳам доимий эътиборда. Хусусан, 2015-2016 йилларда мазкур соҳаларни тараққий эттириш мақсадида 4,5 миллиард сўмлик 143 лойиҳани амалга ошириш бўйича дастур тасдиқланган. 2015 йилнинг ўтган даврида қурилиш материаллари, мебель ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 18 лойиҳа амалиётга татбиқ этилиши натижасида 70 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Янги ташкил этилган 48 хизмат кўрсатиш объектида 74 нафар ёш иш билан таъминланди. Бозорда маҳсулот турини ошириш, таннархини арзонлаштириш мақсадида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик тармоқларида 660 миллион сўмлик 8 истиқболли лойиҳа амалга оширилиб, 25 ёш мутахассис доимий иш ўрнига эга бўлди.
Туманда бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, уларни тадбиркорларга ноль қийматда сотиш, жумладан, фойдаланилмай турган 27 объект ўрнида келгусида истиқболли корхоналар ташкил этиш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда.
Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Шимолий кон бошқармаси умумий овқатланиш комбинати балансида бўлган колбаса ишлаб чиқариш цехи бир йилда 500 миллион сўм инвестиция киритиш ҳамда 15 янги иш ўрни яратиш шарти билан “Элит Транс Зарафшон” масъулияти чекланган жамиятига ноль қийматда берилди. Айни пайтда бу ерда иш қизғин. Шунингдек, Шимолий кон бошқармаси тасарруфида бўлган собиқ “Комета” кинотеатри ўрнида “Бест Дрем Инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан муҳташам Савдо маркази қурилиши бошлаб юборилган.