ФАРМОН ВА ИЖРО: Хусусийлаштиришда тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратилмоқда
Давлат активларини хусусий секторга ўтказишда тадбиркорлар ва инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Янги тартиблар давлат мулкини реализация қилиш жараёнини соддалаштириш билан бирга, иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш ва рақобат муҳитини кенгайтиришга қаратилган.
Бу йўналишдаги муҳим чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 августда қабул қилинган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган.
Мазкур фармонга кўра, Хусусийлаштириш дастури доирасида 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улуши, 1 242 та кўчмас мулк объекти ҳамда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун қарийб 8 минг гектар ер майдони савдога чиқарилади. Шунингдек, давлат иштирокидаги 85 та корхонани тугатиш ёки қайта ташкил этиш чоралари кўрилади.
Сотув жараёнида илгари талаб топмаган активларга ҳам алоҳида ёндашув белгиланган. Хусусан, аввалги савдоларда реализация қилинмаган 84 та актив қайта аукционга чиқарилади ва уларнинг бошланғич қиймати 1 миллион сўм этиб белгиланади.
Савдога қўйиладиган активларнинг умумий қиймати 100 триллион сўмга тенг. Уларни реализация қилиш натижасида йил охиригача бюджетга ва иқтисодиётга камида 14 триллион сўм тушум йўналтирилиши кутилмоқда.
Тадбиркорлар учун энг муҳим янгиликлардан бири эса харидни молиялаштириш шартларининг енгиллаштирилишидир. Энди активни сотиб олишда дастлабки тўлов 15 фоизни ташкил этади. Амалдаги тартибда бу кўрсаткич 35 фоиз эди. Қолган маблағни эса қўшимча фоизларсиз белгиланган муддатларда бўлиб тўлаш мумкин.
Харидорларга актив қийматини тезроқ қоплаш ҳолатида ҳам рағбатлантирувчи шартлар таклиф этилмоқда. Жумладан, тўловни олти ой ичида тўлиқ амалга оширганларга 25 фоиз чегирма берилади.
Йирик битимлар учун эса янада узоқ муддатли бўлиб тўлаш имконияти мавжуд. Актив қийматининг 35 фоизини уч ойда тўлаган харидор қолган суммани 5 йилгача, 50 фоизини олти ойда тўлаган харидор эса қолган қисмини 7 йилгача фоизсиз тўлаши мумкин.
Активларни сотишда вақт омилини ҳам ҳисобга олиш мақсадида аукцион механизмлари такомиллаштирилади. Агар объект уч ой давомида сотилмаса, унинг нархи босқичма-босқич пасайтирилади. Айрим ҳолатларда эса “гибрид аукцион”дан фойдаланиш мумкин. Бу усул нархни пасайтириш ва кейинчалик ошириш имконини бир савдо жараёнида уйғунлаштиради.
Янги ёндашув давлат иштирокидаги тижорат банкларига тегишли активларни реализация қилишга ҳам татбиқ этилиши мумкин. Бу банклар балансидаги мол-мулк ва бошқа активларни иқтисодий айланмага самаралироқ киритиш имконини беради.
Ер майдонларини инвесторларга таклиф этишда ҳам қулайликлар яратилади. Хусусан, ер участкаларини “тайёр пакет” шаклида савдога чиқариш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда объектни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш бўйича техник шартлар ва зарур рухсат ҳужжатлари олдиндан тайёр ҳолатга келтирилади.
Давлат тасарруфидаги йирик олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш ҳам назарда тутилган. Бу жараёнга хусусий капитал ва инвесторларни жалб қилиш учун янги имкониятлар пайдо бўлади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун янада кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади. Ҳужжат ижроси натижасида давлат активларини самарали бошқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, тадбиркорлик ва инвестиция фаоллигини ошириш, рақобат муҳитини кенгайтириш ҳамда иқтисодиётда хусусий сектор улушини янада кўпайтириш кўзда тутилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА