Фармацевтика: жаҳон стандартлари ва инвестициялар
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида Швейцария, Буюк Британия, Канада, Япония, Австралия, Сингапур, Бразилия ва Франция каби қатор давлатларнинг регулятор органлари вакиллари ҳамда халқаро соҳа мутахассислари иштирокида халқаро талаблар ва илғор тажрибаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида дори воситалари сифати ва биоэквивалентлигини баҳолашнинг замонавий халқаро ёндашувлари, генерик дори воситаларини рўйхатдан ўтказишда ишларни тақсимлаш механизмлари ҳамда халқаро регулятор ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги «Зарур амалиётлар маркази» мутахассислари ҳамда Буюк Британиянинг General Pharmaceutical Council (GPhC) ташкилоти вакили иштирокида «Дорихоналарда инспекция ўтказишнинг замонавий ёндашувлари ва хавфга асосланган назорат тизими» мавзусида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқотда дорихоналар фаолиятини назорат қилиш, инспекцияларни ташкил этишда хавфга асосланган ёндашувларни қўллаш ва назорат жараёнларини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, томонлар профессионал мулоқотни давом эттириш ва келгусида амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалаларини кўриб чиқдилар.
***
Bio Pharma City мажмуасида жаҳон соғлиқни сақлаш ва фармация тизимидаги энг нуфузли тузилмалардан бири — IPRP (Халқаро фармацевтика регуляторлари ҳамкорлиги дастури) ишчи гуруҳларининг йиғилишлари ўтказилди.
Юртимизда илк бор ўтказилган мазкур нуфузли халқаро тадбирда генерик дори воситаларининг биоэквивалентлиги бўйича ишчи гуруҳ (BEWGG) ҳамда сифат бўйича ишчи гуруҳ (QWG) фаолиятига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, миллий регулятор талабларидаги янги ўзгаришлар, илмий тадқиқотларда маълумотлар яхлитлиги ва тўлиқ ишончлилигини таъминлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.
***
Айни кунларда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази делегацияси Қозоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб, икки мамлакат фармацевтика регуляторлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда ўзаро профессионал алоқаларни ривожлантиришга қаратилган учрашувларда иштирок этмоқда.
Остона ва Олмаота шаҳарларида ўтаётган музокараларда Қозоғистоннинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан миллий тартибга солиш тизимининг 3-даражали етуклигига эришиш тажрибаси, халқаро баҳолаш мезонлари ва илғор амалиётларни жорий этиш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, делегация Олмаота шаҳридаги ЖССТ преквалификациясидан ўтказилган синов маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, лабораториянинг сифат менежменти тизими ва халқаро стандартлар асосида ишлаш тажрибасини ўрганмоқда.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимлари Бухоро вилоятидаги хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти ва улардаги мавжуд муаммоларни ўрганди. Ишчи жараён давомида Бухоро шаҳри ҳамда вилоятнинг бир қатор туманларидаги хусусий клиникалар фаолияти билан танишилиб, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари ва мавжуд шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Учрашувларда DMED электрон ахборот тизими ва электр таъминотидаги узилишлар, тиббий суғурта, солиқ тизими ҳамда кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Жазоирнинг «BioCare Group» компанияси бош директори Амир Ҳаббес (Amir Habbes) билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳамда хорижий компаниялар билан инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, инсулин ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиш, илғор технологиялар ва халқаро тажрибани маҳаллий ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
***
Шунингдек, А.Азизов АҚШнинг етакчи тиббиёт муассасаларидан бири – «Mayo Clinic» вакиллари билан учрашди. Мулоқотда тиббиёт муассасаларини бошқариш, биотехнологиялар, илмий-тадқиқот ва ишланмалар (R&D), шунингдек, геномика йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш мақсадида тиббиёт муассасалари фаолияти билан жойида танишиш, ўзаро тажриба алмашиш ташрифлари ҳамда қўшма амалий семинарлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА