Фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш: таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси кучаймоқда
Тошкент фармацевтика институтида ташкил этилган “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ва “Карьера куни” тадбири нафақат талабалар ва иш берувчилар ўртасидаги мулоқот майдони, балки фармацевтика тармоғида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим амалий қадам сифатида аҳамият касб этди.
Тадбирда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов иштирок этиб, соҳанинг бугунги ривожланиш суръатлари замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассисларга бўлган эҳтиёжни кескин ошираётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ҳамда маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кадрлар тайёрлаш тизимига ҳам янги талаблар қўймоқда.

Аслида, бу каби ярмаркалар анъанавий тарзда фақат иш ўринлари тақдимоти билан чекланиб қолмасдан, таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, талабаларнинг иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиши уларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, меҳнат бозоридаги реал талаблардан хабардор бўлиш имконини яратмоқда.
Тадбирда иштирок этган етакчи фармацевтика ишлаб чиқарувчилари, соҳа корхоналари ва илмий-тадқиқот марказлари томонидан тақдим этилган бўш иш ўринлари, амалий стажировкалар ва карьер ривожланиш имкониятлари ёш мутахассислар учун муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, тақдимотлар жараёнида корхоналар томонидан иш шароитлари, ижтимоий пакетлар ва касбий ўсиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилгани талабаларнинг танлов қилиш жараёнини анча енгиллаштирди.

Мутахассисларнинг фикрича, бу каби тадбирлар меҳнат бозоридаги дисбалансни камайтириш, ёшларни иш билан таъминлаш даражасини ошириш ва энг муҳими, соҳада рақобатбардош кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, фармацевтика соҳасида ташкил этилаётган “Карьера кунлари” таълим сифатини ошириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш ўртасидаги муҳим боғловчи бўғин сифатида намоён бўлмоқда.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга қаратилган сиёсат доирасида кадрлар масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, таълим муассасаларида амалий кўникмаларга эга, замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашга бўлган эътиборни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Шу жиҳатдан, мазкур тадбир нафақат битирувчилар учун янги имкониятлар эшигини очди, балки фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини бозор талаблари асосида такомиллаштириш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА