Фармацевтика: соҳаси ривожи йўлида
Юртимизда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида кенг қамровли ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бунинг натижасида, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Шу муносабат билан Фармацевтика техник университети ходимлари вилоятлардаги ихтисослаштирилган мактаблар, ҳар бир вилоятнинг Президент мактаблари, ўқув марказлари ва лицейларга бориб, ўқувчилар билан интерактив учрашувлар ўтказди.
Тадбирлар давомида, мактаб ўқувчиларига фармацевтика соҳаси, унинг замонавий таълим имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, университетнинг ўқув дастурлари, қабул жараёни, грант имтиҳонлари ва тез орада бўлиб ўтадиган олимпиада ҳақидаги муҳим маълумотлар билан ўртоқлашилди.
Ўқувчилар учрашувларда фаол қатнашиб, ФТУнинг имкониятлари ва фармацевтика соҳасидаги истиқболлар ҳақида саволларига мутахассислардан жавоблар олди. Университет вакиллари томонидан уларга махсус қўлланмалар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ушбу ҳамкорлик ўқувчиларга фармацевтика фанларига бўлган қизиқишларини ошириб, соғлиқни сақлаш соҳасида улкан ютуқларга эришишига туртки бўлса, ажабмас.
***

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Туркиянинг “Battal Holding” компанияси ўртасида парентерал дори маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Шу муносабат билан ўтказилган учрашувда, “Battal Holding” компаниясининг Ўзбекистон фармацевтика соҳасига инвестиция киритиш масаласи муҳокама қилинди. Компания Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятидалигини, «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш учун ер майдони олиш бўйича қизиқишини билдирди.
Агентлик директори, Ўзбекистон фармацевтика саноатининг бозори, маҳаллийлаштиришга инвестиция киритган тадбиркорларга тақдим этилаётган имтиёзлар ва кластер ҳудудидан ер майдонларини олиш жараёни ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашув якунида томонлар инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Маълумот учун, “BATTAL Holding” 1958 йил Истанбулда ташкил этилган. Холдинг таркибига “Turk ilac ve serum sanayi A.S.” компанияси киради. Компания махсус зардоблар, вакциналар, антибиотиклар, флаконлар, ампулалар ишлаб чиқаради. Компаниянинг йиллик даромади 200 млн. АҚШ долларини ташкил этади (2022 йил). Охирги 5 йил ичида ўртача 15 фоиз молиявий ўсиш кўрсатилган. Компания 30 дан ортиқ давлатларга ўз маҳсулотларини экспорт қилиб келмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Туркиянинг “Battal Holding” компанияси ўртасида, парентерал дори маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Англашув Меморандуми имзоланди.
***

Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Жаҳон Банки Гуруҳининг (WB) ва Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) вакиллари ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Унда Жаҳон Банки Гуруҳининг (WB) вакилларига Ўзбекистон фармацевтика саноатининг хусусий сектори ҳақида маълумот берилди. Томонлар, хорижий компанияларнинг мамлакат хусусий секторига киришда дуч келиши мумкин бўлган муаммолар, тартибга солишдаги камчиликлар ва уларнинг ечимлари тўғрисида фикр алмашди.
Учрашув якунида, икки томон ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва келгусида хусусий секторни ривожлантиришда биргаликда ишлашга келишиб олди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА