Фармацевтика саноатида клиник тадқиқотлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга
Мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва уни халқаро стандартларга мослаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Буюк Британиянинг етакчи контракт тадқиқот ташкилоти — “Paspigioni” компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда компания бош директори Диана Матиашвили ва регуляторика бўйича мутахассис Илона Бенделиани иштирок этиб, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, замонавий фармацевтика саноатида клиник тадқиқотлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Янги дори воситалари ва тиббий технологияларни амалиётга жорий этиш айнан шу босқичлар орқали амалга оширилади.
“Paspigioni” компанияси бу борада катта тажрибага эга бўлиб, у клиник тадқиқотларнинг биринчи-тўртинчи босқичларини, шунингдек тиббий буюмлар бўйича тадқиқотларни ҳам амалга оширади. Компания онкология, ноёб касалликлар ва кенг қамровли беморлар иштирокини талаб этувчи тадқиқот йўналишларида фаолият юритади. Бу эса Ўзбекистон учун нафақат янги технологиялар, балки илмий ёндашув ва халқаро тажрибани жалб этиш имконини беради.
Учрашув давомида халқаро кўп марказли клиник тадқиқотларни Ўзбекистонга кенг жалб қилиш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди. Бу йўналиш бир қатор муҳим афзалликларни таъминлаши мумкин. Хусусан, маҳаллий мутахассисларнинг малакаси ошади, замонавий диагностика ва даволаш усуллари жорий этилади, инвестициялар оқими кўпаяди, янги иш ўринлари яратилади. Шу билан бирга, бундай тадқиқотлар мамлакатда тиббий хизмат сифатини оширишга ҳам хизмат қилади.
Музокаралар давомида Ўзбекистон томонидан илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларида биофармацевтика йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Сўнгги йилларда республикада клиник ва клиниколди тадқиқотлар инфратузилмаси шаклланмоқда, замонавий лабораториялар ташкил этилмоқда, халқаро стандартларга мос регулятор база такомиллаштирилмоқда. Бу омиллар Ўзбекистонни минтақада клиник тадқиқотлар учун жозибадор майдонга айлантириш имконини беради.
“Paspigioni” каби халқаро ташкилотларнинг қизиқиши Ўзбекистон фармацевтика бозорининг салоҳияти юқори эканини кўрсатади. Айниқса, ривожланаётган давлатларда клиник тадқиқотларни ташкил этиш бўйича компания тажрибаси мамлакатимиз учун долзарб ҳисобланади. Бу эса Ўзбекистонни Марказий Осиёда клиник тадқиқотлар марказига айлантириш имкониятини ҳам очади.
Музокаралар якунида томонлар клиник тадқиқотлар ва биофармацевтика регуляторикаси соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Шунингдек, мунтазам мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Бундай ҳамкорлик миллий фармацевтика саноатини янги босқичга олиб чиқади, инновацион дори воситаларини яратишга туртки беради, мамлакатимизнинг халқаро тиббий илмий майдондаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик ҳал қилувчи омиллардан бирига айланаётган бир даврда “Paspigioni” каби йирик CRO компаниялари билан алоқаларни мустаҳкамлаш нафақат илмий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим натижаларга олиб келади. Бу каби ташаббуслар орқали мамлакатда клиник тадқиқотлар тизими янада такомиллашиб, аҳоли учун сифатли ва замонавий тиббий хизматлар кўлами кенгайиши кутилмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА