Фармацевтика корхоналарида энергия самарадорлиги бўйича мониторинг ўтказилди
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан фармацевтика саноатида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган навбатдаги мониторинг ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тадбир доирасида дори воситалари ишлаб чиқарувчи “Remedy Group” МЧЖ, “Laxisam Pharmaceutical” МЧЖ ҳамда “Aziya Immunopreparat” МЧЖ корхоналарида ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Қайд этилишича, мониторингдан асосий мақсад корхоналарда энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалий тавсиялар беришдан иборат.

Ўрганишлар давомида корхоналарда электр энергияси ва табиий газ истеъмоли, ишлаб чиқариш ускуналарининг энергия самарадорлиги, технологик жараёнлардаги йўқотишлар, шунингдек, энергия ҳисобини юритиш ва назорат қилиш тизимлари атрофлича таҳлил қилинди. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, энергия сарфини қисқартириш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, корхоналар раҳбарияти ва мутахассислари билан энергия аудитини ташкил этиш, энергия тежамкор ускуналарни жорий қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Таъкидланишича, бундай мониторинг тадбирлари фармацевтика тармоғида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш таннархини камайтириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА