Фарғонанинг янги прокурори аҳоли билан учрашди
Аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш юзасидан аниқ ва манзилли чоралар кўрилмоқда. Бунда “маҳаллабай” тизими асосида ишлаш сектор раҳбарларини халқ билан янада яқинлаштиришга хизмат қилаётгани муҳим ўрин тутмоқда.
Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоилов Олтиариқ туманида аҳоли билан учрашди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар, ёшлар ва тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
Вилоят прокурори томонидан 39 нафар жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакиллари қабул қилинди. Мурожаат қилганларнинг 11 нафари ишга жойлаш, 10 нафари имтиёзли кредит ажратиш, 6 нафари моддий ёрдам, 1 нафари ички йўлларни таъмирлаш ҳамда 11 нафари бошқа масалаларда амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат қилган 10 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, “Ёшлар дафтари”га киритилган 5 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Ўтказилган қабулда келиб тушган мурожаатларнинг 16 таси жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этилган 23 та мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга қонуний ҳал этиш учун топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, назоратга олинди.
Мазкур қабулдан келиб чиқиб, фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни муаммоларини ижобий ҳал этиш ва тадбиркорлик фаолиятида амалий ёрдам кўрсатиш, ёшларни касбга йўналтириш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасида ишларни янада жадаллаштириш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Шу куни вилоят прокурори Б.Исмоилов фуқаро А.Суярқуловнинг яшаш хонадонида бўлиб, ушбу хонадонни таъмирлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди ва назоратга олди. Шунингдек, 2-сектор ҳудудидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Омина Сервис” хусусий корхонаси фаолияти билан танишилди. Корхонага прокуратура амалий ёрдами билан “Ёшлар кичик саноат зонаси”дан 20 сотих ер майдони ажратилган ва тадбиркор томонидан ҳозирги кунда 20 нафар аёллар иш билан таъминланган.
М. Сулаймонов, ЎзА