Фарғоналик ўқитувчилар Японияга борди
Айни кунларда Фарғона вилоятининг бир гуруҳ таълим соҳаси вакилларидан иборат делегация Японияда бўлиб, у ердаги илғор тажрибаларни ўрганмоқда.
Мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, умумтаълим мактабларида жорий қилиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона вилоятида таълим ва тарбияни уйғун ҳолда олиб бориб, болаларни ҳаётга тайёрлашни асосий мақсад қилган Япония таълим тизимини синов тариқасида жорий этишга киришилган. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг 2022 йил 5-11 декабрь кунлари Японияга амалий ташрифи доирасида Токио шаҳридаги Фужимигаока мактабида олиб борилган ўрганишлар ҳамда мулоқотлар натижасида бунга қарор қилинган эди. Ўтган ўқув йилидан вилоят бўйича ҳар бир шаҳар ва тумандан танлаб олинган биттадан мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибаси татбиқ этиляпти. Кунчиқар мамлакатдан Гото Микако вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб бормоқда.

Синов тариқасида Япония таълим тажрибаси ўрганилаётган мактабларнинг ўқитувчилари, директорларидан иборат Фарғона таълим соҳаси делегациясининг ташрифи самарали бўлиб ўтмоқда. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад умумий ўрта таълим мактабларида халқаро таълим тизимидаги инновацион ёндашувларни ва тажрибаларни татбиқ этиш, мамлакатимиз таълим тизимидаги мавжуд IT, роботехника, аниқ фанлар соҳаларида янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириш ҳамда амалиётга киритишдан иборат.

Делегация аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонасида бўлиб, мазкур давлатнинг мактаб таълими тизими ҳақида маълумотга эга бўлди. Токионинг Сугинами туманидаги “Коендзи гакуэн” бошланғич мактабида бўлиб, дарс машғулотларида иштирок этди. Таълим масканида ўқувчилар билан ишлаш, фанларни ўқитиш жараёни билан танишди.

– Бу ерда таълим ва тарбиянинг уйғунлигига муҳим эътибор қаратилиши катта таассурот қолдирди, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов. – Сугинами шаҳридаги Наританиши боғчасида бўлдик. Япониянинг ютуғи боғча ёшидан болаларни ватанпарварликка ўргатиш, касбга қизиқтириш, ўзлигини англаш, қисқа қилиб айтганда, ҳаётга тайёрлаётганида экан. Шунингдек, делегация аъзолари билан бирга таълим муассасаларида бевосита дарс ва машғулотларни кузатиш имкониятига эга бўляпмиз.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири