Фарғонада ёш касаба уюшмалари раисларининг I минтақавий форуми ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари!” шиори остида ёш касаба уюшмалари раисларининг I минтақавий форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 90 нафар ёш касаба уюшмаси раиси иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев иштирокчиларни қутлар экан, ёш раҳбарлар зиммасидаги масъулият ва вазифаларга тўхталди. Таъкидланганидек, касаба уюшмалари нуфузини юксалтириш, аъзоларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишда замонавий ёндашув, ташаббускорлик ва фаоллик муҳим аҳамиятга эга.
[gallery-31013]
Форум доирасида иштирокчилар касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш ҳамда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш юзасидан фикр ва таклифларини билдирди.
Шунингдек, “Касаба билимдони” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Унда меҳнат қонунчилиги, касаба уюшмалари фаолияти, ҳуқуқий саводхонлик ва мантиқий фикрлашга оид саволлар асосида жамоаларнинг билим ва салоҳияти синовдан ўтказилди. Ғолиб жамоа Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Форум иштирокчилари “Фарғона Экспо” халқаро кўргазмалар мажмуаси, “Ferghana Digital Hub” маркази, “Uzsangwoo” МЧЖ қўшма корхонаси ҳамда Фарғона давлат техника университетидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолияти билан танишди. Уларга сунъий интеллект соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва замонавий технологияларни ишлаб чиқариш ҳамда таълим жараёнига жорий этиш бўйича лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, форум иштирокчилари Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасига ташриф буюрди.
Таъкидланганидек, ёш касаба уюшмалари раисларининг I минтақавий форуми тажриба ва фикр алмашиш, янги ташаббусларни муҳокама қилиш, замонавий бошқарув усулларини ўрганиш ҳамда касаба уюшмалари фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдони бўлди.
Форум якунида ёш раҳбарларнинг ташаббускорлиги ва изланувчанлигини қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмалари фаолиятига инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан экани таъкидланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА