Фарғонада Янги йил байрами шукуҳи
Саноқли кунлардан кейин юртимизда Янги йил байрами шодиёналари бошланади.Бу айём ёшу-қарига бирдек шодлик улашиши билан қадрли.

Айни кунларда Фарғона вилоятида ҳам бунга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳар ва туманларда 22 та жойда Янги йил арчалари ўрнатиляпти. Бозорларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Фарғона шаҳридаги кўчалар байрамона безатилаётган бўлиб, Янги йил байрами шукуҳининг гувоҳи бўласиз. 4 та ҳудудга янги йил арчаси ўрнатилди.

Шаҳар марказида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида савдо ярмаркалари ташкилланиб кўнгилочар дастурлар намойиш этилмоқда. Байрам рамзи бўлган безатилган арчалар атрофи болажонлар билан гавжум.

Шунингдек, ҳар бир корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларида ҳам байрамни кўтаринки руҳда кутиб олишга алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА