Фарғонада янги турар-жой мажмуаси қурилиши давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида қурилиш соҳасида фаолият юритаётган “Besh Bola Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий турар-жой мажмуаларини барпо этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
2022 йилда ташкил этилган МЧЖ қисқа вақт ичида Фарғона шаҳрида қарийб минг хонадондан иборат учта йирик турар-жой мажмуаси ҳамда Марғилон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида 100 хонадонли турар-жой мажмуасини барпо этиб, фойдаланишга топширди.
Айни пайтда корхонада 500 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Жорий йил якунига қадар яна 500 та хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу эса қўшимча 200 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Компания таркибидаги “Besh Bola Beton” заводида етти турдаги бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида Хитойдан қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг замонавий ускуналар олиб келиниб, ишга туширилди.
[gallery-30548]
Бугунги кунда завод маҳсулотлари вилоятдаги қурилиш ташкилотларининг қарийб 60 фоизи томонидан қўлланилмоқда. Шунингдек, компания қурилаётган уй-жойларда ишлатиладиган қурилиш материалларининг 70 фоизини ўз корхоналарида ишлаб чиқармоқда.
Ҳозирда компаниянинг асосий лойиҳаси Фарғона шаҳридаги Беш бола маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Беш бола нур комплекси” ҳисобланади. Лойиҳа доирасида 38 та беш қаватли турар-жой биноси қурилмоқда.
Мажмуа ҳудудида болалар майдончалари, фавворалар, масжид, автотураргоҳлар ва кўкаламзорлаштирилган дам олиш ҳудудларини барпо этиш ҳам режалаштирилган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА