Фарғонада халқаро теннис турнири бошланди
Фарғонада ўсмирлар ўртасида Халқаро теннис федерацияси мусобақалар тақвимидан жой олган J100 таснифига кирувчи «Fergana Cup» турнири бошланди.
Халқаро турнирнинг яккалик баҳслари биринчи даврасида Нуриддин Бахтиёров нейтрал теннисчи Яухен Бурсауни 7:6, 6:0, 6:4 ҳисобида таслим этди ва кейинги босқичда Жанубий Корея вакили Се Хюк Чо билан рақобатлашадиган бўлди.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда ҳамюртимиз Злата Чиннова илк босқичда нейтрал теннисчи Софя Ведерниковани 6:4, 6:2 ҳисобида мағлуб этди. Ҳамда чорак финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинда нейтрал теннисчи Зоя Левина ва қозоғистонлик Малика Амиргалиева учрашуви ғолиби билан рақобатлашадиган бўлди. Яна бир теннисчимиз Кеира Ким нимчорак финал йўлланмаси учун ўтган учрашувда қозоғистонлик Аружан Нуранбоевни 6:4, 6:1 ҳисобида енгди. Энди у 1/8 финалда нейтрал теннисчи Екатерина Тупицинани синовдан ўтказади.
Шунингдек, ёш истеъдодли ракетка устамиз Нигина Алимова биринчи даврада нейтрал теннисчи Радмила Раҳматуллина устидан 6:3, 7:6 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа, иккинчи даврага йўл олган Нигина навбатдаги босқичда Хюн Е Лига (Жанубий Корея) қарши кортга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА