Фарғонада уруш қатнашчилари эъзозланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Фарғона вилоятида уруш қатнашчилари, ногиронлари ва фронт орти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинмоқда.
Ана шундай тадбирлар доирасида вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи уруш фахрийлари Фатина Шарипова, Вера Вялсева ва Лариса Шарова хонадонларига ташриф буюрди.
Учрашувларда Шарқий ҳарбий округ ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари ва нуронийлар иштирок этди.
Тадбирда фахрийларга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, давлат раҳбари номидан бир марталик пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.
Мулоқотлар чоғида фахрийларнинг ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти ҳамда уруш йилларидаги оғир синовлар ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, Фатина Шарипованинг болалиги фашистлар концлагерида кечган бўлиб, урушдан кейин Ўзбекистонга келиб, узоқ йиллар таълим соҳасида меҳнат қилган.
100 ёшни қарши олган Вера Вялсева эса Ленинград қамали қатнашчиси бўлиб, урушдан кейин турли соҳаларда, жумладан, кино тизимида фаолият юритган.
[gallery-29317]
Лариса Шарова бугунги тинч ва осойишта ҳаёт учун шукроналик билдириб, Ўзбекистондаги меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини алоҳида эътироф этди.
Фахрийлар мамлакатимизда кекса авлод ва уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА