Фарғонада тиббиёт соҳасида янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда
2026 йилнинг январь-апрель ойларида Фарғона вилоятида соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми 488,1 миллиард сўмни ташкил этди. Бу ҳақда вилоят статистика бошқармаси маълум қилди.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,1 фоизлик ўсиш қайд этилди. Рақамлар ҳудудда тиббий хизматларга бўлган талабнинг ортиб бораётгани, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятининг кенгаяётгани ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамрови яхшиланаётганидан далолат беради.
Вилоятда замонавий диагностика, даволаш ва профилактика хизматларининг ривожланиши, хусусий тиббиёт муассасалари сонининг кўпайиши ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасига киритилаётган инвестициялар хизматлар ҳажмининг ошишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Дарвоқе, тиббиётга инвестиция масаласида янгилик рўй берди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Саудия Арабистонининг "Vision Invest" компанияси Президенти ва бош директори Омар Ал-Мидани бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Мулоқотда Фарғона вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий кўп тармоқли шифохона қуриш ҳамда унга туташ ҳудудда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Унга кўра, 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона халқаро стандартлар асосида барпо этилади, энг сўнгги тиббий жиҳозлар билан таъминланади.

Янги тиббиёт мажмуаси нафақат Фарғона вилояти, балки Фарғона водийси ва қўшни давлатлар аҳолиси учун ҳам юқори технологияли ва малакали тиббий хизматлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 300 миллион долларни ташкил этади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА