Фарғонада тежамкор иситиш қозонлари ишлаб чиқарилмоқда (+видео)
“Фарғона иссиқлик таъмир” масъулияти чекланган жамиятида “Ёрмозор” тамғаси билан замонавий иситиш қозонлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар иқтисодий тежамкор, узоқ муддат ишлаш хусусиятлари билан ажралиб туради. Ёқиладиган кўмир сарфи аввалги қозонларга қиёсланганда беш ҳисса кам, иситиш даражаси эса юқори.
Корхонада майдони 20 квадрат метрдан 10 минг квадрат метргача бўлган уй-жой ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини иситишга мўлжалланган 10 турдаги қозонлар ишлаб чиқарилмоқда. Янги турдаги қозонлар маҳаллий кўмирда ишлайди, иссиқлик тизими табиий айланиш хусусиятига эга. Натижада электр энергия сарфламасдан ҳам бир меъёрда иссиқлик етказиб бериш имкониятини беради.

–Президентимиз жорий йил 3 апрель куни ижтимоий соҳа объектлари иситиш тизимларини модернизация қилиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказган йиғилишда иситиш тизимини ислоҳ қилиш, кам ёқилғи сарфлаган ҳолда сифатли иссиқлик етказиб беришни кўпайтиришга эътибор қаратиш борасида берган кўрсатмалари муҳим дастуриламал бўлди, – дейди “Фарғона иссиқлик таъмир” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Улуғбек Пўлатов. – Шу мақсадда соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, янги тажриба, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, кам хом ашё сарфлаб, меъёр талабларига мос бўлган иссиқлик ишлаб чиқарувчи тежамкор қозонлар тайёрлашга эътибор беряпмиз. Маҳсулотларимиз нафақат тежамкорлиги, балки бошқа иситиш қозонларига нисбатан арзонлиги билан ҳам ажралиб туради. Айни кунда янада тежамкор ва иш сифати юқори бўлган янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш борасида изланишлар олиб боряпмиз.
“Ёрмозор” қозонлари бир соатда 2 килограмм маҳаллий кўмир сарфлайди. Бу одатдаги иситиш қозонларининг истеъмолига нисбатан беш баробар кам. Иситиш қозонларининг кўмир сарфи куз ва қиш мавсумига таққослаб ҳисоб-китоб қилинса, мавсумда 100 тоннадан ортиқ кўмир тежаб қолиш мумкин.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил якунига қадар аҳоли ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига 10 минг донадан ортиқ ана шундай тежамкор иситиш қозонлари етказиб берилади. Асосий мақсад – куз-қиш мавсумида аҳоли ва барча ижтимоий муассасаларни сифатли иссиқлик билан таъминлаш.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/0u0zu_c3Pao" title="Фарғонада тежамкор иситиш қозонлари ишлаб чиқарилмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бугунги кунда Фарғона вилоятидаги 1 минг 836 та ижтимоий соҳа объектлари кўмир ёқилғисида, 459 таси табиий газ ва 14 та муассаса марказлашган иссиқлик билан таъминланган. Ўтган мавсумда тармоқлар учун 24,4 миллион куб метр табиий газ, 77,7 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди. 2023-2024 йил куз-қиш мавсуми учун 94,4 минг тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Айни кунларда ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ишлари бошланмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА