Фарғонада таксичи қотиллик қурбони бўлди
Марғилон шаҳрида рўй берган қотиллик барчани янада огоҳ бўлишга ундайди. 2021 йил 16 октябрь куни, соат тахминан 00:17 ларда Қўштепа тумани “Хумдон” МФЙ, Боғбонлар кўчасидаги катта ариқ ёқасидан эркак жинсига мансуб, ёши тахминан 35-40 лар атрофидаги, танасининг турли жойларида тан жароҳатлари бўлган шахси номаълум мурда топилди.
Тезкор суриштирув натижасида воқеа жойидан топилган мурда Марғилон шаҳар, “Алишер Навоий” МФЙ, Баҳоуддин Нақшбандий кўчасида яшовчи, 1987 йилда туғилган С. Я. эканлиги аниқланган. Жорий йил май ойининг бошларида у “Спарк” русумли автомашинани ижарага олиб, Марғилон, Фарғона шаҳри ҳудудларида таксичилик билан шуғулланиб келган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотига кўра, Марғилон шаҳар “Аҳмад Яссавий” МФЙда яшовчи, 1996 йилда туғилган А.А. ўзининг танишлари – “Зоид” лақабли, 2001 йилда туғилган М.М. ҳамда А.М. (лақаби “Биродар”) исмли шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, автомашинани қўлга киритиб, уни бўлакларга бўлиб сотишни режа қилишган. 15 октябрь куни соат тахминан 21:00 ларда А.А. ўзига тегишли бўлган “Ласетти” русумли автомашинасида “Зоид” ҳамда “Биродар”ни Фарғона шаҳрида жойлашган ўлкашунослик музейи ёнига ташлаб қўяди. Ўзи Қўштепа тумани “Хумдон” МФЙ, Боғбонлар кўчасига бориб, олдиндан келишилган жиноий режани амалга ошириш мақсадида уларни кутиб туради.
Бу орада “Зоид” ва “Биродар” йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланувчи “Браво” такси фирмасида ишловчи С.Я. бошқарувида бўлган яшил рангли “Спарк”га ўтиришиб, Хумдон маҳалласига боришган. У ерда учовлон ҳайдовчини бўғиб ва пичоқ билан танасининг турли жойларига тан жароҳати етказиб, ўлдирган. Автомашинани қўлга киритиб, номаълум томонга яширинишган. Харидор топа олмаганидан сўнг Хонақо кўчасига ташлаб кетишган. Ҳозирги кунда гумонланувчиларнинг барчаси қўлга олинди.
Мудҳиш жиноятни содир этганлар ҳали ҳаётнинг оқу қорасини яхши танимаган йигитлардир. Афсуски, содир этилган жиноят бўйича гумондорлар билан маҳалла фуқаролар йиғини раиси, масъуллар ва профилактика инспекторлари ўз вақтида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида етарли ишларни ташкил этмаган.
– Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди, аслида битта бўлса ҳам фавқулодда ҳолат сифатида қаралиши керак, – дейди Фарғона вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Баҳодиржон Холиқов. – Марғилондаги қотиллик замирида ҳам маҳалла фаолларининг бефарқлиги ётибди. Хонадонма-хонадон юриб, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ишлар амалга оширилмаган, содир этилган жиноятга жазо муқаррарлиги бўйича фуқароларга етарли даражада тушунтириш ишлари олиб борилмаганига биз ҳам масъулмиз. Қотилликда гумонланаётганларнинг таржимаи ҳоли билан танишарканмиз, оилавий муҳит носоғлом эканлигига гувоҳ бўлдик. А.А. икки марта оила қурган. М.М. Мисрга ўқиш мақсадида бориб, жорий йил сентябрь ойида қайтиб келган. А.М. нинг оиласи “Темир дафтар”га, ўзи эса “Ёшлар дафтари”га киритилган.
Бир оила боқувчиси қотиллик қурбони бўлди, тўрт нафар норасида эса чинқираб қолди.
М. Сулаймонов, ЎзА