Фарғонада суюлтирилган газ таъминоти: барқарорлик ва масъулият (+видео)
Фарғона вилоятида табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудларда аҳоли хонадонларининг маиший эҳтиёжларини қондиришда суюлтирилган газ муҳим ўрин тутади. Айниқса, тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда газ баллони хонадонлар учун асосий ёқилғи манбаларидан биридир. Шу боис суюлтирилган газни белгиланган жадвал асосида сифатли ва ўз вақтида етказиб бериш нафақат маиший хизмат, балки аҳолининг ижтимоий фаровонлиги билан боғлиқ муҳим масаладир.
Фарғона вилоятида суюлтирилган газ таъминоти бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда таъминот даврийлиги билан боғлиқ муаммолар ҳам учраб турибди. Масалан, Фарғона туманида газ таъминоти бўйича махсус штаб фаолияти доирасида суюлтирилган газ етказиб беришда даврийлик юқори бўлган маҳаллаларга қўшимча ресурслар йўналтирилди. Натижада 2 минг 489 нафар истеъмолчига 49,7 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Бу рақамнинг ўзиёқ масалага умумий эмас, балки ҳар бир маҳалла ва хонадон кесимида ёндашиш зарурлигини кўрсатади.
Айниқса, тоғли ҳудудларда транспорт қатнови, об-ҳаво шароити ва масофа суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнига таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун бундай ҳудудларда олдиндан захира шакллантириш ва етказиб бериш жадвалини қатъий назорат қилиш муҳим.

Вилоятнинг Сўх туманида суюлтирилган газ таъминоти алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бу ҳудуд табиий газ тармоғи билан қамраб олинмаган. Хонадонлар суюлтирилган газ билан таъминланади.
Сўхдаги газ тўлдириш шохобчаси эса 10 мингдан зиёд истеъмолчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, ойига 170 тоннагача суюлтирилган газ тарқатиши мумкин.
2026 йил 1 июндан бошлаб аҳолини маиший газ баллонлари билан таъминлаш хизмати янги тартиб асосида йўлга қўйилди. Эндиликда табиий газ етиб бормаган ҳудудларда яшовчи фуқаролар маиший газ баллони олиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши мумкин.
Ариза “E-gaz” тизимида шакллантирилади. Бир иш кунида маълумотлар текширилади, уч иш кунида хонадон ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилади. Ижобий хулоса берилган тақдирда тегишли шартномалар расмийлаштирилади ва бир дона маиший газ баллони 12 иш куни ичида бепул етказиб берилади.
Бу тартибнинг аҳамияти шундаки, газ баллони билан таъминлаш жараёнини инсон омилидан имкон қадар холи қилиш, аризаларни электрон ҳисобга олиш ва ҳар бир истеъмолчининг таъминотини назорат қилиш имкони пайдо бўлади.
Суюлтирилган газ таъминоти деганда фақат хонадонлар назарда тутилмаслиги керак. Чекка ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектлари – тиббиёт ва таълим муассасалари, бошқа ижтимоий манзилларнинг ёқилғи таъминоти ҳам алоҳида эътибор талаб қилади.

Бу ерда асосий мезон – узлуксизлик. Мактаб ёки тиббиёт муассасасида ёқилғи таъминотида узилиш юз берса, бу оддий маиший ноқулайлик эмас, балки ижтимоий хизмат кўрсатиш сифатига таъсир қилувчи омилга айланади.
Суюлтирилган газ таъминотида рақамлар муҳим. Аммо ҳар бир рақам ортида муайян хонадон, оила ва инсон тақдири бор.
Шунинг учун вилоят масъул ташкилотлари олдидаги асосий вазифа – газ баллонларини тўлдириш омборидан чиқариш эмас, балки уларни керакли хонадонга, керакли вақтда, белгиланган миқдорда ва хавфсиз тарзда етказиш.
Суюлтирилган газ таъминоти – мавсумий компания ҳам эмас. Бу аҳолининг кундалик ҳаёти, ижтимоий объектларнинг барқарор фаолияти ва ҳудудларда муносиб турмуш шароитини таъминлашга хизмат қиладиган узлуксиз тизимдир.
Фарғона вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида “Ҳудудгаз” Фарғона газтаъминоти филиали бўлим бошлиғи Илҳомжон Тошпўлатов бизга қуйидагиларни гапириб берди:
– Вилоятимизда 511 мингта суюлтирилган газ истеъмолчилари бор. Шу билан бирга 295 та ижтимоий соҳа манзилларига суюлтирилган газ етказиб берамиз. Шу пайтгача жойларга суюлтирилган газ етказиб беришда узилишлар бўлган, даврийликлар кечиккан.

Ҳурматли Президентимиз ўтказган йиғилишдан сўнг тизимда ўзгаришлар рўй берди. Ҳозирги кунда фондимиз кўпайди. Хатлов бошланди. Ҳар битта хонадон буюртмаси ва таъминоти электрон тизимга уланди. Шу туфайли бугунги кунда суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб беришда қатъий тартиб жорий этилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарликни қайта кўриб чиқдик.
Қайси ҳудудларда, маҳаллаларда кечикиш бўладиган бўлса, буни онлайн тарзда назорат қилиб биламиз, худди шу ҳудудларга суюлтирилган газ баллонларини етказиб берамиз.
<iframe width="1493" height="840" src="https://www.youtube.com/embed/Ue7kWgsUnVI" title="Farg‘onada suyultirilgan gaz ta’minoti: barqarorlik va mas’uliyat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА