Фарғонада сиёсатчи аёллар мулоқот майдонида жам бўлди
Фарғона вилоятида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, бандлиги ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Сиёсатчи аёллар” форуми бўлиб ўтди.
Мазкур форум аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида хотин-қизларни қийнаётган ижтимоий муаммоларга амалий ечим топиш, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган лойиҳалар танлови ташкил этилди.
Танловда аёллар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.
Якуний натижаларга кўра, Маҳмуда Исроилова биринчи, Нодира Раҳмонқулова иккинчи, Маҳлиё Тўлқинбоева эса учинчи ўринга муносиб топилди.
Форумнинг муҳим жиҳатларидан бири — хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган келишув бўлди.
Хусусан, Ўзбекистон Ишбилармон аёллар ассоциациясининг Фарғона вилояти бўлинмаси, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши ҳузуридаги депутат аёллар мулоқот тузилмаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг вилоят бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат доирасида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, истиқболли ташаббус ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилган.
[gallery-32234]
Форум хотин-қизларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, уларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш йўлида ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА