Фарғонада раҳбар аёллар улуши 32 фоизга кўтарилди
Мамлакатимизда аёллар қадрини улуғлаш, эъзозлаш, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Фарғоналик нозик хилқат вакиллари ўзларининг фидойилиги, ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар таълим, тиббиёт, фан, маданият, тадбиркорлик ва давлат бошқаруви соҳаларида улкан ютуқларга эришмоқда.

– Вилоятимизда раҳбар аёллар улуши 32 фоизга, олий таълимдаги қизлар улуши 50 фоизга кўтарилди, 2600 нафар хотин-қизлар захира кадрлар номзодлигига олинди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Комила Кавлонова. – Кадрлар захирасини яратиш ва аёлларни раҳбар лавозимларига тайинлаш ва рағбатлантириш бўйича республикада вилоятимиз биринчи ўринда. Ўтган йил 150 нафар ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз хотин-қизларнинг таҳсил олиши учун тўлов-контрактлари тўлаб берилди.
Бу ишлар натижасида хонадонларга қувонч ва шодлик кирмоқда, минглаб аёлларнинг руҳи кўтарилиб, ўзига бўлган, фарзандларининг келажагига бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда.

Вилоятда 2024 йилда 1065 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар бепул даволанди, 99 нафарининг жарроҳлик амалиёти ва даволанишлари учун 1 миллиард 831 миллион сўмлик жамғарма ҳисобидан маблағ қоплаб берилди, 85 нафар хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди.
“Аёллар дафтари”га киритилган 109 минг 506 нафар хотин-қизларга ёрдам кўрсатилди. Бунинг учун Республика ва маҳаллий бюджет ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 69,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Вилоятда 62 минг 280 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш истагида бўлган 14 минг 104 нафар хотин-қизларга 375 миллиард 750 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. 20 минг 931 нафар хотин-қизлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. 181 та маҳаллаларда “Аёлларни бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш” марказлари ишга туширилиб, 847 нафар аёллар бандлиги таъминланди, 789 нафари эса ўқитилди.
М.Сулаймонов, ЎзА