Фарғонада қуйи бўғин давлат хизматчилари ўқитилмоқда
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Фарғона вилояти филиали томонидан вилоят ҳокимлиги, Фарғона политехника институти, Фарғона давлат университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Фарғона ҳудудий филиали билан ҳамкорликда май-июнь ойларида қуйи бўғин давлат хизматчилари учун ўқув семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
Давлат хизматчиларининг малакасини ошириш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан таништириш бугунги куннинг асосий вазифаларидан саналади. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда жорий йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоятда тизимли равишда давлат органлари ва ташкилотларининг ўрта ва қуйи бўғин ходимларини “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлашга ўргатиш, шунингдек, уларга республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини етказиш, соҳалар юзасидан таянч билим ва бошқарув кўникмаларини такомиллаштириш бўйича малакасини ошириб бориш борасида топшириқлар берган эди. Мазкур ўқувлар ана шу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган бўлиб, уч босқичда амалга оширилади.
[gallery-2559]
Қурилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги бўйича бош мутахассислар учун ташкил этилган дастлабки семинар-тренинг юқори савияда ўтказилиб, ўқув давомида рақобатбардош кадрлар фаолиятида зарур бўлган энг муҳим билим ва кўникмалар бериляпти.
– Бу каби ўқувлар назарий-амалий билим олиш билан бирга, ҳамкасбларимиз билан фикрлашиш, тажриба алмашиш имконини бермоқда, – дейди Фарғона шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси М.Қодирхонов. – Қурилиш соҳасида ҳар куни янгиликлар, илғор тажрибалар бўляпти. Улар билан танишяпмиз, “маҳаллабай”, “фуқаробай” каби янги механизмлар билан ишлаш бўйича малакага эга бўлдик.
Ўқув-амалий машғулотлар вилоятдаги олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олимлар ва тажрибали амалиётчилар томонидан олиб борилаётган бўлиб, тингловчиларининг ҳам соҳавий билимлари ҳам амалий кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат) ЎзА