Фарғонада маҳаллабай давлат хизматлари кўрсатилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида аҳолининг муаммоларини ўрганишда маҳаллабай тизимини жорий этиш ва шу асосда фуқаролар билан доимий муносабатни давом эттириш кераклиги таъкидланган эди.
Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармасининг 19 туман ва шаҳарлардаги Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари маҳаллабай тарзда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишни ташкил қилмоқда. Ушбу ташаббус Қўқон шаҳри ва Учкўприк туманларидан бошланиб вилоят марказидан олис ҳудуд – Ўзбекистон туманида ҳам давом эттирилмоқда.
Тумандаги 74 маҳалла фуқаролари йиғинларида мобиль хизматлар кўрсатиш ва аҳолининг онлайн хизматларга бўлган ҳуқуқий кўникмаларини ошириш мақсадида махсус автобус ва масофадан хизмат кўрсатишга мўлжалланган “Damas” автомашиналари манзилли сафарбар этилди.
Маҳаллабай тарзда давлат хизматларини кўрсатишда иш услуби “Шаффоф ва сифатли!” шиори остида амалга оширилди. Ҳудудлардаги Давлат хизматлари марказларининг 25 нафар ходими Ўзбекистон туманидаги “Нурсух”, “Қайнар”, “Каттатагоб”, “Якка тут” каби 36 та маҳаллада 30 дан ортиқ масалалар бўйича давлат хизматларини кўрсатди. Шунингдек, 40 дан зиёд фуқарога илк тадбиркорлик фаолиятини бошлашда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Нурсухлик Алишер ота Ваҳобов 25 йил давомида маориф соҳасида ишлаган. Мана 10 йилдирки нафақа гаштини сурмоқда. Маҳалла ишлари ва оила юмушлари билан бўлиб, ота пенсия ҳақидаги зарур маълумотномани олиш учун тумандаги Давлат хизматлари марказига боришга вақт топа олмади. Кўрсатилаётган сайёр хизматлар давомида Алишер отанинг иши маҳалланинг ўзида осон битди.
Нафақада бўлсам ҳам хонадонимнинг ширин ташвишларидан ортмаяпман, – дейди Алишер ота Ваҳобов. – Набирам тикувчиликка қизиқади. Ўригидан мағзи ширин бўларкан. Истеъмол кредити ҳисобидан унга тикув машинаси олиб бермоқчиман. Давлат хизматлари маркази ходимлари маҳалламизга келганидан фойдаланиб, кредитни расмийлаштириш учун нафақам ҳақидаги маълумотномани шу ернинг ўзидан олдим.
Туманнинг “Қайнар” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам аҳолига ИНН, наркология диспансерида рўйхатда туриш ёки турмаслиги, судланмаганлик ҳақидаги маълумотномаларни олиб бериш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, коммунал хизматлар ҳамда МТТ ларга фарзандни навбатга қўйиш каби 20 дан ортиқ масалаларда мобиль хизматлар кўрсатилди.
[gallery-1228]
Сайёр хизматлар давомида аҳоли ўртасида хизматларни давлат хизматлари марказларига келмасдан, Ягона интерактив портал орқали электрон тарзда олиш тарғиб қилинди.
Маълумки, ўтган йилнинг апрель ойидан ФҲДЁ бўлимлари ҳам Давлат хизматлари агентлиги таркибига ўтказилди. Бу вақт мобайнида тизимда янгиликлар амалиётга жорий қилинди. Хусусан, ФҲДЁ органларида болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш бепул бўлди. Ана шу бепул хизмат билан биргаликда чақалоқни хонадон рўйхатига киритиш, Мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш каби бирданига 4 та композит хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, болага бериладиган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларда авваллари тартиб серия рақами ишлатилган бўлса, айни вақтда ана шу рақамлар ўрнига махсус идентификацион рақам, яъни ID кодлар жорий қилинди. Бу эса бола ҳақида маълумотлар бутун умри мобайнида базада сақланиши кафолатлайди. ФҲДЁ архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилганлиги боис, гувоҳномага боланинг ота-онаси ҳақидаги маълумотларни киритиш шарт эмас. Ягона архив ҳужжатлари базасидан гувоҳномага тўғридан-тўғри унинг яқинлари ҳақидаги маълумотлар автоматик тарзда туширилади.
Тизимдаги шу каби янгиликлар ҳақида ДХМ ҳамда ФҲДЁ бўлими вакиллари фуқароларга кенг тушунчалар берди.
Боғи эрам кўчасида истиқомат қилувчи Исроилжон Мирзараҳматов турмуш ўртоғи Мафтуна Алижонова билан расмий никоҳи қайд этилмаганлиги боис 4 ойлик чақалоғига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ололмаётган эди. Маҳаллабай ўрганишлар давомида уларнинг никоҳи расман қайд этилиб, оиланинг янги меҳмонига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим этилди.
– Илгарилари ҳам ФҲДЁ бўлимларига кўп ишимиз тушган. Лекин ортиқча оворагарчиликлар, ҳужжатбозликлар одамни силласини қуритар эди, – дейди Мавлуда Сирожиддинова. – Хонадонимизга ташриф буюрган ФҲДЁ ҳамда ДХМ ходимлари композит хизматлар, янги тартиб бўйича “суюнчи” пули олишнинг осонлашганлиги, янги намунадаги “метрика”лар ҳақида етарли тушунча ва ҳуқуқий маслаҳатлар беришди. Ишимиз осон ва қулай ечим топганидан хурсандман.
Туманида ташкил этилган сайёр хизматлар давомида маҳаллий аҳолига Давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатилаётган хизматлар, улардан фойдаланиш тартиблари, яратилган қулайликлар ҳақида маълумотлар, шунингдек, электрон ҳукуматнинг афзалликлари, масофадан туриб давлат хизматларини олиш бўйича ҳам тушунчалар берилди.
Шунингдек, Фарғона шаҳар “Бешбола” маҳалла фуқаролари йиғинида Адлия бошқармаси ташаббуси, ДХА вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Ҳуқуқий ахборот куни” ташкил этилди. Мақсад, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, аҳолининг давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш самарадорлигини янада оширишдан иборат.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА