Фарғонада “Иккинчи устозлар миллий форуми” иш бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида “Сифатли таълим – кучли жамият” шиори остида “Иккинчи устозлар миллий форуми”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов, вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Шоҳидбек Аслонов, соҳа масъуллари, фаол педагоглар иштирок этди.
Янги ўқув йили бошланиши арафасида вилоят таълим тизими олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб олиш учун ўзига хос майдон вазифасини бажариши кўзда тутилган форумда таълим йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари ҳақида сўз борди. Давлатимиз раҳбари томонидан таълим муассасаларида ўқув жараёнини замонавийлаштириш, халқаро талаблар даражасига кўтариш масъуллар олдидаги муҳим вазифа эканлиги яна бир бор таъкидланди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимида жами 955 та мактаб, 19 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернати, 20 та “Баркамол авлод маркази”, 900 та давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, ўтган олти ой давомида тизимда сезиларли ишлар амалга оширилганига эътибор қаратилди, янги ўқув йилидаги режаларга атрофлича тўхталиб ўтилди. Вилоятда халқаро тажрибани кенг йўлга қўйиш, хусусан, япон таълим тажрибасини оммалаштириш мақсадида Япониядан таълим бўйича маслаҳатчи Гото Микако жалб этилгани қайд этилди. Жорий ўқув йилида ҳар бир шаҳар ва тумандан танлаб олинган биттадан мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибаси татбиқ этилиши маълум қилинди.
[gallery-13140]
Таъкидланганидек, жорий йилда таълим даражаси юқори бўлмаган 26 та мактабга туман-шаҳарлардаги таълим даражаси юқори бўлган мактаблардан олий ва биринчи тоифали юқори педагогик салоҳиятга эга бўлган педагогларни жалб этиб, таълим сифати ва мазмунини ошириш бўйича барча чоралар кўрилади. Вилоятдаги ўрта таълим муассасалари битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражасини келгуси йилда 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Форумнинг очилиш маросимидан сўнг шўъбаларга бўлинган ҳолда педагоглар иштирокида 2 кунлик семинар-тренинг бошланди.
ЎзА фотомухбири Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар