Фарғонада давлатлараро йирик анжуман иш бошлаяпти
Фарғона вилояти Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти юқори ва инвестициявий фаол ҳудудларидан бири. Бугун вилоятда барқарор иқтисодий ўсиш, инвестициявий фаоллик ва экспорт салоҳияти изчил ортиб бормоқда.
Ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги халқаро рейтингларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Фитч Ратингс Фарғона вилоятига «ББ-», «Барқарор» (Стабле) кредит рейтингини берди. Бундан аввал, С&П Глобал Ратингс вилоят рейтингини «Б+»дан «ББ-»га оширган. Шу тариқа Фарғона Ўзбекистонда икки халқаро кредит рейтингига эга бўлган ягона ҳудудга айланди.
Сўнгги тўққиз йилда вилоят ЯҲМ 1,6 баравар ўсиб, 111 триллион сўмдан ошди, аҳоли жон бошига ЯҲМ эса 5 баробардан зиёд кўпайди.
Шу даврда 8,2 миллиард доллар хорижий сармоя жалб қилиниб, қарийб 7 900 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди ва 196 мингта янги иш ўрни яратилди. Экспорт ҳажми 395 миллион доллардан 1,3 миллиард долларга етди, Фарғона маҳсулотлари бугун 65 та хорижий бозорга чиқмоқда.
Ушбу кўрсаткичлар Фарғонанинг барқарор иқтисодий ўсиш, инвестиция ва саноат кооперацияси учун катта салоҳиятга эга ҳудуд эканини кўрсатади.
Фарғона – янги инвестициялар, ишлаб чиқариш ва халқаро ҳамкорлик учун очиқ ва истиқболли ҳудуд. Шунинг учун ҳам бугун Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари кенгашининг III йиғилиши айнан Фарғонада ўз ишини бошлади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири