Фарғонада бўлиб ўтган анжуман жаҳон матбуотида
АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида чоп этиладиган "ТНЕ BUKHARIAN TIMES" газетасида Фарғонада ўтказилган “Замонавий журналистиканинг долзарб муаммолари” мавзусидаги II халқаро конференция ҳақида мақола эълон қилинди.
Мақолада тадбир журналистлар учун ўзига хос мулоқот майдони бўлганлиги қайд этилган. Оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги роли ва аҳамияти ниҳоятда катта. Шу боис бугунги шиддаткор даврда унинг зиммасига муҳим вазифалар қўйилмоқда. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси ҳамкорлигида жорий йилнинг 26 октябрь куни ташкил этилган анжуманда АҚШ, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Россия, Туркия, Исроил, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон каби 11 та давлатдан журналистлар, юртимиздаги марказий газеталарнинг бош муҳаррирлари, ахборот агентликлари раҳбарлари, сиёсатчилар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Тадбирда журналистика олдида турган вазифалар, муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари, соҳани ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Аввалроқ халқаро конференцияга бағишланган Туркия телевидениеси махсус кўрсатув берилган эди. Корея, Россия, Хитой матбуотида ҳам шундай хабарлар тарқатилди.
М.Сулаймонов, ЎзА