Фарғонада 307 нафар маҳалла банкири фаолият бошлади
Фарғона вилоятида жорий йилда 497 мингта янги иш ўринларини яратиш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 33 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш белгиланган. Айни кунларда жойларда бу борада амалий ишларга киришилиб, маҳалла банкирлари ҳам яқиндан кўмак бермоқда.
Вилоятнинг 1063 та маҳалла фуқаролар йиғинида 307 нафар маҳалла банкири фаолиятини бошлади, уларга 1063 нафар маҳалла агентлари бириктирилди.
- Маҳалла банкирларининг энг катта вазифаси маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганиб, одамларнинг ғояларини, лойиҳаларга айлантиришдир, - дейди Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғи Шавкатжон Дўсалиев. - Маҳалла банкирлари “хонадонбай” ишлаб, ҳар бир оилага тайёр лойиҳалар ёки бизнес режалар таклиф қилади. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахс — якка тартибдаги тадбиркор — кичик бизнес — ўрта бизнес занжири асосида тадбиркорликнинг ҳар бир босқичида молиявий хизматлар кўрсатилишини таъминлаш, аҳоли томорқалари ва ижарага берилган ер участкаларида етиштирилган маҳсулотларни кафолатли сотиб олиш учун тадбиркорлар билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва уларнинг лойиҳаларини молиялаштириш каби вазифаларни амалга оширади.
Вилоятда маҳаллаларда 42 минг 520 та микролойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, маҳалла банкирлари бунга молиявий ёрдамларини кўрсатади.
М.Сулаймонов, ЎзА