Фарғонада 18 мингдан зиёд кўчмас мулк объекти қонунийлаштирилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида йиллар давомида турли сабабларга кўра расмийлаштирилмай қолган уй-жой ва ер участкаларига нисбатан мулкий ҳуқуқларни қонуний тартибда белгилаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу борада “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур қонун фуқароларнинг йиллар давомида расмийлаштирилмай келган мулкий ҳуқуқларини қонуний асосда таъминлаш, мавжуд ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш ҳамда аҳолининг мулкий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Қонун ижроси доирасида республика ҳудудларида кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва уларга оид маълумотларни махсус ахборот тизимига киритиш ишлари амалга оширилмоқда.
[gallery-31330]
Фарғона вилоятида ҳам Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган режа-график асосида шаҳар ва туманларда бу борадаги ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Бугунги кунга қадар вилоятда 192 мингдан зиёд кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. 103 мингдан ортиқ объектга оид маълумотлар “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилди.
Шунингдек, 11 мингдан зиёд объект бўйича ҳужжатлар махсус комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ҳозирга қадар 18 минг 486 та кўчмас мулк объектига нисбатан мулк ҳуқуқлари эътироф этилди. Бу кўрсаткич бўйича Фарғона вилояти республикада етакчи ўринни эгаллаб турибди.
Мулк ҳуқуқларининг қонуний тартибда эътироф этилиши фуқароларга ўз хонадон ва ер участкаларидан қонун доирасида тўлиқ фойдаланиш имконини беради. Жумладан, мулкни мерос қилиб қолдириш, олди-сотди битимларини амалга ошириш ва бошқа мулкий ҳуқуқларни расмийлаштириш учун ҳуқуқий асос яратилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА