Фарғона жадидларининг маънавий отаси
Ўтган асрда қатағон қилинган юз минглаб юртдошларимизнинг орасида қанчадан қанча халқ зиёлилари бор эди.
Улар она юртга янги ва порлоқ ҳаёт истаб, миллат тафаккурини уйғотишга урингани учун аёвсиз жазолангани аламли ҳақиқат сифатида тарихда қолган.
Буюк маърифатпарварларимизнинг мустабид тузум қаттоллари томонидан атай йўқ қилиниши замирида икки Уйғонишни бунёд эта олган халқ, миллат вакилларининг улуғвор саъй-ҳаракатларига йўл бермаслик иддаоси ётганини барчамиз яхши биламиз. Ота-боболаримизнинг янги Уйғониш ҳақидаги орзулари ҳали куртаклигидаёқ янчилган, очиқ ва нурли кўзлар қумга тўлдирилган золим йиллар ўтди. Айни даврда Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишга интилаётган Янги Ўзбекистоннинг бугунги куни, яқин истиқболдаги қиёфасини кўриб, агар мустамлака тузумининг қатағон сиёсати бўлмаганида, бугун биз улкан орзу-мақсадлар, ёруғ ташаббуслар билан интилаётган янги Уйғонишга жадид боболаримизнинг ўзи эришган бўларди, деган ҳақли фикр хаёлимиздан ўтади.
Бутун умрини эл-юртимиз, миллатимизни маърифатли ва маданиятли қилишга бахш этган, пировардида, «халқ душмани» деган қора тамға билан қатағон қурбони бўлган зотлар хотирасини муносиб қадрлаш, уларнинг номини абадийлаштиришга қаратилган эзгу ишлар орқали тарихий адолат ва ҳақиқат қарор топмоқда.
Етук маърифатпарвар шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат сиймосида эл-юрт маърифати, юксак маънавиятини, миллий тафаккурини бойитиш йўлидаги улкан жон фидоликни кўрамиз. Юртнинг фидойи фарзандига Президентимиз томонидан «Фарғона жадидларининг маънавий отаси», дея таъриф берилиши унинг халқ ва миллат олдидаги ёруғ юзи, шарафли саъй-ҳаракатларининг баҳоси ҳамдир. Эндиликда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан шоир ижодини кенг оммалаштириш йўлидаги ишлар янги босқичга кўтарилиши, Қўқон шаҳри марказидаги Фурқат боғида шоир ҳайкалининг ўрнатилиши она Ватаннинг ватанпарвар ва миллатсевар ўғлига бўлган чинакам эҳтироми, меҳрининг ифодаси бўлади, албатта.
Тарих қатларига назар ташлайдиган бўлсак, тараққийпарвар шоир, мутафаккир сифатида шуҳрат қозонган Фарғона фарзанди юрт аҳлини турли зулм ва қаршиликлар, сиёсий ва ҳуқуқий билимсизликлар гирдобидан қутқаришга интилган маърифий етакчига айланган. Ўз она тилининг моҳир билимдони бўлиш баробарида форс, араб, рус тилларида маҳорат билан сўзлаган. Унинг «кўп ўқимак, илм олмак»ка қаратилган даъватлари мамлакат аҳлининг янги дунё сари қўл чўзишга ундагани айни ҳақиқатдир.
Айтиш керакки, бобомиз Фарғона заминида ижодкор сифатида тўла шаклланиб, ўз ғазалларига «Фурқат» тахаллусини қўяди. Шоирнинг ижодий ишларида унинг ўзигагина хос бўлган халқчил дунёқараш муҳим ўрин тутади. Унинг шеъриятида мустамлака тузумининг иллатларини қоралаш, мавжуд адолатсизлик ва зўравонликдан, ҳуқуқсизлик ва ночор ҳаётдан, оддий халқнинг маънавий-маърифий қолоқлик ботқоғидан қутулолмай қийналаётганидан оғриниш ҳисси яшайди. Қолаверса, айрим нодонларнинг замона олқишига эришиб, илм аҳлининг абгор бўлиши кучли бадиий бўёқлар орқали, таъсирчан акс эттирилади. У биргина «Сайдинг қўябер, сайёд…” мусаддаси орқали шахснинг эркин яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилгани, зулм ва истибдодни қатъий қоралагани учун не балоларга мубтало бўлди шоир.
Фурқат ўзбек матбуоти тарихида фельетон жанрини бошлаб берган, ўзига хос публицистик мактаб яратган ижодкор сифатида ҳам ном қозонган. Ўзининг баркамол лирикаси, жозибали насри ва публицистикаси билан 19-аср охири ва 20-аср бошларидаги миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган маърифатпарвар бобомизга Фурқат тахаллуси абадий тақдир бўлиб қолди. Миллатнинг истибдод гирдобидан қутулмоғини, озодликка эришмоғини истаган шоир юрагидаги сўнмас оғриқларини
«Ватаннинг иштиёқин тортарам ғурбат ғами бирла,
Турубдурман қутулмай ғуссаю ранжу инолардин»
сатри ҳам сўзламоқда. У чор ҳукуматининг мустамлака сиёсатига зид асарларини чет элларда юриб битди, алалоқибат, Ватанидан айро – Йоркенд тупроғига она юрт соғинчи ва чексиз муҳаббати билан дорилбақога юзланди. Минг шукурки, жисман Ватандан нари, қалбан ва руҳан Ватан билан бирга бўлган жадиднинг ёниқ чиқишлари, ўтли сатрлари, маърифий бонглари халқимизга қайтди ва ҳамон илм-маърифатга ташна, миллий ўзликка садоқатли қалблар учун ёруғ машъал бўлиб хизмат қилаётир.
Бугун маърифатпарвар бобомиз кутган, интилган замонлар келди. Икки Уйғонишни яратишга муносиб ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг бугунги авлодлари Янги Ўзбекистонда янги Ренессансни бунёд этиш шаҳди ва шижоати билан яшамоқда. Бу улуғвор йўлда юртимиз миллий жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири бўлган Фурқатнинг қуйидаги сатрлари бизнинг илм деб аталмиш улкан кучга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди ва илм-маърифат машъалини янада баланд тутишга ундайди.
Жаҳон басту кушоди — илм бирла!
Надур дилни муроди — илм бирла!
Кўнгулларни сурури — илмдандур!
Кўрар кўзларни нури — илмдандур!
Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор.