Фарғона туризм марказларидан бири бўла оладими?
Туризм қўмитаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида яна бир муҳим ташаббус амалга оширилди. Марказий Осиёнинг етакчи туризм компаниялари ва турагентликлари раҳбарларидан иборат делегация Фарғона вилоятида бўлиб, икки кун давомида ҳудуднинг туризм салоҳияти, яратилган шарт-шароитлар ва истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Тадбирлар меҳмонлар иштирокида ўтказилган конференция ҳамда B2B форматидаги учрашувлар билан бошланди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, соҳада фаолият юритаётган мутахассислар, шунингдек, вилоятдаги етакчи туркомпаниялар ва меҳмонхона раҳбарлари иштирок этди.

Фарғона вилоятининг бой туризм салоҳияти, амалга оширилаётган янги инвестиция лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Компаниялар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган меморандум ва шартномалар имзоланди.

Делегация аъзолари Фарғона шаҳридаги “Фарғона экспо” халқаро кўргазмалар мажмуаси, Фарғона туманида жойлашган “Аввал” туризм қишлоғи, “Каркидон” сув омбори ҳудудида ташкил этилган замонавий туризм масканлари, Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар маркази ҳамда “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм марказида бўлдилар. Ушбу манзиллардаги ўзига хослик, тарихий мерос, миллий қадриятлар ва замонавий ёндашув асосида яратилган имкониятлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг, Риштон тумани ва Қўқон шаҳри ҳудудларидаги тарихий обидалар, ҳунармандчилик устахоналари, кўргазма заллари ҳамда сайёҳлик имкониятлари билан танишдилар.
Янги шартномалар амал қила бошлагач, Фарғонага сайёҳлар оқими кўпайиши кутилмоқда.
Мухамммаджон Обидов,
ЎзА