Фарғона Беларуснинг фаол ҳамкорига айланди
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Минскда Беларусь Республикаси бош вазирининг ўринбосари Юрий Шулейко билан учрашди.
Мулоқот давомида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги дўстона ҳамда стратегик шериклик муносабатлари изчил кенгайиб бораётгани, айниқса, ҳудудлар даражасидаги тўғридан-тўғри алоқалар бугунги кунда янада мустахкамлангани алоҳида қайд этилди.
– Фарғона вилояти Беларуссиянинг фаол ҳамкорига айланди, – деди Юрий Шулейко. – Қисқа давр ичида ўзаро ишончли кўприк қурилди. Фарғона ва Минск, Гомел вилоятларида биргаликдаги лойиҳалар иш бошлади. –Учрашувда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, енгил саноат, мебелчилик, фармацевтика ва машинасозлик каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига эътибор қаратилди. Шунингдек, қўшма корхоналар ташкил этиш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди, – дейди Ўзбекистоннинг Беларусь Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов.
Учрашув якунида икки томон учун ҳам иқтисодий самарадорлик ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қиладиган қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА