Фарғонада пахта йиғим-терими давом этмоқда
Фарғона вилоятида жорий йилда пахтадан 34-35 центнердан ҳосил олинмоқда. Туманларнинг аксарияти пахта тайёрлаш режасини бажарган бўлса-да далаларда яна ҳосил бор.
Фарғона вилоятида жорий йилда пахтадан 34-35 центнердан ҳосил олинмоқда. Туманларнинг аксарияти пахта тайёрлаш режасини бажарган бўлса-да далаларда яна ҳосил бор.
Данғара туманининг Найманча маҳалласида яшовчи 106 ёшли Холмурод ота Қиролов ҳали ҳам йигитларга хос ғайрат-шижоатга эга. Тиниб-тинчимас отахон нафақат эзгу дуоси, балки ўз меҳнати билан ҳам барчага ўрнак бўлмоқда.
Найманча деҳқончилик қилиш учун ноқулай ҳудудда жойлашган бўлиб, фермер хўжаликлари режадаги ҳосилни олиши учун астойдил меҳнат қилиши керак. Шу ҳудуддаги Ҳабибулло Ҳайдаров бошчилигидаги “Йигитали ота” фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда туманда биринчи бўлиб, 7 иш кунида шартнома режасини бажарди. Биринчи теримнинг ўзида 25 гектар ерда парваришланган “Султон” навли пахтадан 80 тоннага яқин ҳосил йиғиштириб олинди. Пахта йиғим-терими ишларида ёши улуғ отахоннинг ҳам фаол иштирок этгани эътиборга сазовор.
–Биз юрт чорлаганда “Лаббай” дея хизматда камарбаста бўладиган элнинг фарзандларимиз, – дейди Холмурод ота. – Халқимизнинг ризқ-насибаси терилаётган шундай кунларда уйда ўтириб бўладими, ахир. Ҳар куни тушгача теримчиларга баҳоли қудрат ёрдамлашдим. Ерни яхши кўрган одам ҳеч қачон чарчамайди.
“Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган яна бир ёш фермер Аюбхон Носиржонов раҳбарлик қилаётган “Аюбжон Нодирхон” фермер хўжалиги ҳам 10 иш кунида режани уддалади. 36 гектар ерда “Султон” нави парваришланиб, биринчи теримнинг ўзида ҳар гектар ердан 30 центнердан ҳосил олинди. Ҳосил тўлиқ биринчи сортга сотилди ва маҳалладан қатнашаётган теримчиларга қарийб 90 миллион сўм нақд пул тарқатилди. Бундай ютуқдан руҳланган фермер балиқчилик фаолиятини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш тармоқларини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда.
“Ҳайдаров Сатторали” фермер хўжалиги аъзолари ҳам биринчи теримнинг ўзида режага қўшимча 10 тоннага яқин сифатли саноат хом ашёси териб олишди. 34 гектар ерда етиштирилган “Султон” нави бу фермер хўжалигида ҳам иқтисодий жиҳатдан яхши самара берди. Бугунги кунда хўжалик аъзолари 2020 йил ҳосили учун 45 гектарга экилган буғдой парваришини бир маромда олиб боришмоқда.
Данғара тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Баҳром Эшонқуловнинг қайд этишича, ҳозирги кунгача 168 та фермер хўжаликлари деярли юз фоиз режани уддалади. Бунинг самараси сифатида Данғара тумани ҳам режани бажариб, 6 минг 190 гектар пахта майдонидан 18 минг 100 тонадан зиёд ҳосил йиғиштириб олинди. Айни кунларда 53 та йиғим-терим отрядлари томонидан мавсум юмушлари уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.