Фарғонада ипак қурти парвариши бошланди
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ”Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида ипак қурти парвариши бошланди.
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ”Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида ипак қурти парвариши бошланди.
Бу йил туманда 3 минг 250 қути ипак қурти уруғлари парваришланиб 180 тоннадан ортиқ “кумуш тола” етиштирилади. Бунинг учун 240 та фермер хўжаликлари ҳамда 200 нафар касаначилар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари имзоланди.
Айни кунда ипак қурти уруғларини парваришлаш, озуқа базаси учун муҳим бўлган тут ниҳоллари ҳосилдорлигини ошириш борасида амалий иш олиб борилмоқда. “Навбаҳор” ва “Оқ олтин” муқобил машина трактор парки ҳудудларида 21 гектар майдонда касаначилик асосида тут плантациялари ташкил этилди. Бу ерда 65 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар бандлиги таъминланди.

–Ипак қурти уруғлари плёнка усулида боқилади,– дейди “Тошлоқагропилла” масъулияти чекланган жамияти раиси Фаррух Абдужабборов. – Бу самарали усул ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Аввало озуқа базаси тежалади, ипак қурти уруғлари ривожланиш жараёни тезлашади. Натижада ҳосилдорлик ортади, ипакчинлик миқдори юқори бўлади. Жорий йил тўрт мавсумда ана шундай самарали ва истиқболли лойиҳа асосида ипак қурти уруғлари парваришланади.
Маълумот ўрнида айтганда, бу йил вилоятда 45 минг 360 қути ипак қурти уруғлари парваришланди, 2500 тоннадан ортиқ саноат хомашёси олинади. Шу мақсадда 3857 та фермер хўжаликлари ҳамда 5894 та касаначилар билан контрактация шартномалари тузилди. 174 гектар майдондаги янги тут плантацияларига 548 минг донадан ортиқ тут кўчатлари ўтқазилди.